23:15 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия Мудофаа вазирлиги Ўзбекистонда АҚШнинг ҳарбий лабораторияси бор дея билдирмоқда

05.10.2018 09:42 msk

Фарғона

Лугар маркази лабораторияси. Currenttime.tv сайти фотоси
Ўзбекистон АҚШ ҳукуматининг ҳарбий-биологик дастурида иштирок этмоқда ҳамда Америкага патоген микроорганизмлар тўғрисидаги маълумотларни тўплашга ёрдам бермоқда. Ушбу баёнот РФ Қуролли кучларининг радиация, биологик ва кимёвий ҳимоя қўшинларининг бошлиғи генерал-майор Игорь Кириллов томонидан 4 октябрь куни берилди, дея хабар беради ТАСС.

Кириллов Москвада ўтган брифингда Россия мудофаа вазирлиги томонидан АҚШнинг Грузиядаги фаолияти тўғрисидаги ҳужжатлар таҳлили натижалари тўғрисида маълум қилди, ушбу ҳужжатларни Грузиянинг собиқ мудофаа вазири Игорь Гиоргадзе сентябрда очиқлаганди. Россиялик ҳарбийлар Тбилиси яқинидаги Ричард Лугар номли Жамоатчилик соғлиқни сақлаш марказида гўёки даволаш кўринишида ўта кучли заҳарли препарат синовдан ўтказилган ва натижада 73 киши вафот этган деган хулосага келдилар. Кириллов билдиришича, Марказда шунингдек, кимёвий ва биологик рецептураларни етказиб бериш учун турли намуналардаги ўқ дорилар кўрсатилган патентлар сақланмоқда.

Унга кўра, Лугар маркази АҚШ ҳарбий-биологик дастурининг унчалик катта бўлмаган унсуридир. “Россияга қўшни бўлган мамлакатларда фаол ҳаракатлар олиб борилмоқда, у ерларда Пентагон назорати остидаги лабораториялар ҳам ишлаяпти. Украина, Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳудудларида лаборатория корпусларининг реконструкцияси давом эттирилмоқа”, - деди генерал.

Мазкур лабораториялари олдига юқумли касаликларга чалиниш тўғрисида маълумот тўплаш ҳамда вакциналарга қарши кураша оладиган ва антибиотиклар таъсир қилмайдиган патоген микроорганизмлар штаммларининг коллекциясини олиб чиқиш вазифаси қўйилган. АҚШ расмийлари бу ишларни амалга оширишга 2019 йилгача бир млрд доллар ажратган, деб билдирди Кириллов.

Ўзбекистон мудофаа вазирлиги матбуот хизмати “РИА Новости” агентлигига республикада америка лабораториялари фаолияти ҳақида “эшитмаганмиз” деб билдиришди.

Қайд этиш жоиз, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Возрождение оролида ХХ асрнинг иккинчи ярмида совет ҳукумати ҳарбий лаборатория ташкил этиб, ҳайвонлар устида биологик қуролларни синаганлар. Лаборатория 1992 йилда ёпилгандан кейин орол ҳудудида бир неча бор куйдирги (сибир яраси) спораларини тугатиш бўйича ишлар олиб борилган бўлиб, бунда америкалик мутахассислар ҳам иштирок этишган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги