16:20 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек тадбиркорлари давлат хизматлари сифатига “икки” баҳо бердилар

04.10.2018 16:51 msk

Фарғона

Ўзбек ишбилармонлари давлат томонидан хусусий тадбиркорликни қўллаб - қувватлашини қониқарсиз, ўртача 2,3 баллга баҳоладилар. “Электрон ҳукумат” тизимини ривожланиш маркази томонидан ўтказилган сўровнома шундай натижа берган.


Давлат хизматлари сифатига нисбатан тадбиркорлар муносабати. Egovernment.uz сайти ҳисоботи диаграммаси

Сўровномада иштирок этган ҳар учинчи тадбиркор давлат томонидан ҳеч қандай «ёрдам»ни ҳис қилмасликларини маълум қилишган. Айнан улар энг паст баҳо қўйган иштирокчилар гуруҳидирлар (56%). Шу билан бирга давлатнинг қўллаб-қувватлаш сиёсатини «3» баҳога лойиқ топган сўровнома иштирокчилари ҳар 10 тадан 3 киши бўлиб, 10 таликнинг фақатгина биргина иштирокчиси ушбу сиёсат «яхши» юритилаётганлигини, 25 та иштирокчидан 1 тасигина «аъло» даражада эканлигини билдирган.

Тадбиркорлар ўзларининг ишбилармонлик фаолиятлари билан шуғулланишлари даврида дуч келишлари мумкин бўлган муаммолар келтириб ўтилган. Демак, сезиларли қийинчиликлар бизнес юритишнинг илк давридаёқ кузатилган бўлиб, 37% иштирокчилар коммуникация тизимига уланиш даврида муаммолар вужудга келганини айтиб ўтишган бўлса, 35% иштирокчилар ҳуқуқий соҳада етарли билимга эга эмасликлари уларга панд берганини таъкидлаб ўтганлар. Деярли учдан бир қисмга яқин иштирокчилар нақдсиз тўловлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келганларини айтганлар. Юқоридаги муаммоларга қарамай, ҳар 3 тадан 2 та сўровнома қатнашчиси, ишбилармонлик фаолияти билан шуғулланиш учун энг катта тўсиқ сифатида солиқ тўловларининг юқорилигини ҳамда коррупцияни кўрсатиб ўтганлар.

“Электрон ҳукумат” тизимини ривожланиш маркази таҳлилчилари тадбиркорлар касбий фаолият юзасидан солиқ органларига кўпроқ мурожаат қилишларини аниқлаганлар. Мурожаат бўйича кейинги ўринларни - ҳокимиятлар, Давлат божхона хизмати, нотариал идоралар, санэпидназорат хизмати, Савдо саноат палатаси, Давлат статистика қўмитаси, ёнғин хавфсизлиги хизмати ва ички ишлар вазирлиги бўлинмалари эгаллайди.

Тадқиқот доирасида ишбилармонларга давлат хизматларини яхшилаш учун нималар қилиш зарурлиги борасида берилган саволларга улар ҳужжатларни камайтириш ҳамда давлат корхоналари томонидан

«ўта тартибга солиш»ни эркинлаштириш, рақамли имзо олиш жараёнини соддалаштириш, уни муддатсиз ҳолда тақдим этиш (ёки умуман рад этиш) ҳамда янги хизматларни жорий этиш орқали шахсий кабинетларни ривожлантириш,

жойларда кадрлар малакасига оид масалаларни ҳал қилиш, давлат хизматларини рағбатлантириш маркетинг тизимини ишлаб чиқиш, Давлат хизматларини кўрсатиш марказларидаги call-марказларини хизматлар олиш масалалари бўйича тезкор ва аниқ жавоб беришни йўлга қўйиш орқали кучайтириш зарурлигини айтганлар.

Сўровнома икки ой олдин тақдим этилган. Сўровномада энг фаол иштирок этган тадбиркорлар ишбилармонлик билан шуғулланиш мақсадида, Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтганликларини маълум қилганлар. Бу, жами сўровнома иштирокчиларининг 10 тадан 7 таси пойтахт аҳолиси эканлигидан далолат беради. Кейинги ўринни Бухоро вилояти тадбиркорлари эгаллаган бўлиб, уларнинг сони пойтахтлик тадбиркорлардан 10 маротаба кам, яъни жами иштирокчиларнинг 7%ни ташкил этади. Бизнес юритишнинг энг оммалашган соҳаси улгуржи ва чакана савдо эканлиги, сўровномада иштирок этган тадбиркорларнинг чорак қисмидан кўпроғи (26%) айнан шу йўналишда фаолият олиб боришлари маълум бўлган. Алоқачи-тадбиркорлар 16%ни ташкил этгани ҳолда, умумий овқатланиш тармоғида иш юритувчи ишбилармонлар 9%лик кўрсатгичга эришганлар.

«Ижтимоий фикр» маркази томонидан ўтказилган сўровномага кўра, 2017 йили Ўзбекистонда тадбиркорлик ривожига катта тўсиқ бўлаётган омиллардан бири кредит олиш борасидаги муаммолар экани аниқланган. Бундан ташқари, сув, газ, электр энергияси таъминотидаги муаммолар ҳам кўрсатилган. Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлигининг ўтган йил август ойи ҳисоботида тадбиркорлар олдида турган муаммолардан бири - солиқ даражаси юқори экани кўрсатилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги