22:48 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентдаги чинор ва гаражларни йўқ қилган амалдор Юнусобод туманига ҳоким бўлди

04.10.2018 15:13 msk

Фарғона

Рахмонбек Усмонов. Gazeta.uz сайти фотоси
Тошкентнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов 3 октябрь куни пойтахнинг Юнусобод тумани ҳокими этиб тайинланди. Юнусобод туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида унинг номзоди тасдиқланди, деб хабар беради Тошкент ҳокимияти матубот хизмати.

Усмонов Раҳмонбек Жаҳонгирович 1960 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти олий. 1982 йил Тошкент автомобиль йўллари институтини тамомлаган. 1996–2001-йиллар — «Тошшаҳарйўловчитранс» давлат уюшмаси бошқаруви раисининг ўринбосари, 2001–2003-йиллар — Мирзо Улуғбек тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, 2003–2005-йиллар — Яккасарой тумани ҳокими, 2005–2011-йиллар — Тошкент шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш, саноат ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифаларида ишлаган.

Усмонов 2011 йилдан шу йилнинг апрелига қадар Тошкент шаҳар ҳокими вазифасида ишлаган ва ўзининг айрим кескин ҳаракатлари билан омма эътиборига тушган. 2013 йили у хусусий гаражларга “уруш” эълон қилади ва уларнинг ўрнида автомобиль турар жойларини қуришни режалаштиради. Ишлар авжига чиққанида пойтахт прокуратураси ҳокимнинг мазкур қарорини бекор қилади. Оқибатда Усмонов бу ташаббусидан қайтади.

Усмонов даврида пойтахтда дарахтлар ёппасига кесила бошланган. Шаҳарда ўн йиллар давомида ўсиб келган дарахатларни коммунал хизмати ходимлари яксон қиладилар. Бу ишлар ҳатто ҳиёбон ва Ботаника боғини ҳам четлаб ўтмаган.

Баъзида Усмонов юқоридан тушган топшириқларни бажаришга «ўта жонбозлик» кўрсатган. Масалан, мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев тўйлардаги дабдабабозчиликка эътибор қаратганда, пойтахт ҳокими эртаси куниёқ тўй ўтказилаётган барча кафе ва ресторанларни ёпишга буйруқ беради. Селектор мажлисида давлат раҳбари Тошкент ҳокими ҳаракатини танқид қилади. «Усмоновга ўхшаганлар битта қўл қўйиш билан бир кунда барча ишларни дўндириб ташлайди. Бундай дўстдан душман афзал. Агар Усмонов шаҳар ҳокими бўладиган бўлса, у ҳолда менга душманнинг кераги йўқ», — деганди президент.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини талон-тарож қилиш, аҳолига яхши сақланмаган пиёзларни тарқатиш пайтида Усмоновга нисбатан қатор саволлар пайдо бўлади. Лекин у жавобгарликка тортилмади. У очилган жиноий ишларда гувоҳ сифатида иштирок этади. Бош прокуратура ходимлари сўзларига таянган Uzmetronom.com маълумотларига кўра, пойтахтнинг собиқ ҳокими судланувчилар курсисида ўтирмаслик учун $2 млн миқдорида зарарни қоплаган.

Усмонов ер участкасини бериш учун $400 минг пора олаётганида қўлга тушган Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов ўрнига келди.

Тошкент ҳокимлигида бошқа ўзгаришлар ҳам содир бўлди. Республика Марказий банки раисининг ўринбосари вазифасида ишлаган Шерзод Хожизодаев пойтахт ҳокимининг иқтисодиёт ва иш юритиш бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Собиқ Чилонзор тумани ҳокими вазифасини бажарувчиси Даврон Ҳидоятов архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияни ривожлантириш бўйича Тошкент ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланди.

«Tashkent City» халқаро бизнес маркази қурилиш дирекциясининг директор ўринбосари Ҳаёт Иноғамов Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг бошлиғи этиб тайинланди. Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Тошкент ҳокими бўлган Жаҳонгир Ортиқхўжаев бунга қадар «Tashkent City» давлат унитар корхонасини бошқарган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги