16:20 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда жамоат жойларида чилим ва электрон сигаретларни чекишга тақиқ кучга кирди

04.10.2018 10:56 msk

Фарғона

Pixabay.com сайти фотоси
Ўзбекистонда жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарини чекишни тақиқловчи қонун амал қила бошлади. Ҳужжат президент томонидан 2 июль куни имзоланган ҳамда уч ойдан кейин кучга кириши керак эди.

Қонунда “чилим”, “чекиладиган қоришма”, “тутатқи қиём”, “тутатқи тош” “электрон сигарета” каби тушунчалар белгиланган ҳамда чилим ва электрон сигарета чекилишига йўл қўйилмайдиган жойлар рўйхати келтирилган. Ушбу рўйхатга истироҳат боғлари, ҳиёбонлар, кўчалар, поликлиникалар ва касалхоналар, стадионлар, мактаблар, университетлар, дўконлар, умумий овқатланиш муассасалари, кинотеатрлар, музейлар, тунги клублар, компьютер заллари, барча турдаги жамоат транспортлари – самолётлар, поездлар (шу жумладан, тамбурларда), автобуслар, трамвайлар, тролейбуслар, такси, аэропорт ва вокзаллар бинолари, бекатлар, ер ости ўтиш йўллари, транспорт бекатларида ва автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойларида, кўп квартирали уйларнинг йўлакларида, шунингдек уйлар олди ҳудудида жойлашган болалар ва спорт майдончаларида, давлат муассасалари бинолари киритилган.

Қонун шу билан бирга, стационар савдо объектларида, шунингдек умумий овқатланиш корхоналарида, бундан чилим ва электрон сигареталар чекиш учун махсус ажратилган хоналарга истисно берган. Ўз тасарруфида (мулкида, эгалигида, фойдаланишида) ҳудудлар, бинолар (хоналар), иншоотлар ва жамоат жойларида жойлашган бошқа объектлар учун масъул бўлган шахслар кўринадиган ерга янги тақиқ тўғрисидаги лавҳаларни осиб қўйишлари шарт. Ҳужжат шунингдек, чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама қилишни тақиқлайди.

Қайд этамиз, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чилим тутунининг заҳарли эканлигига ишора қилиб, уни чекувчилар салмоқли миқдордаги токсин ва канцерогенларни ютадилар, деб таъкидлайди. Ташкилот шунингдек, тадқиқотлар чилим чекиш ва ўпка саратони, периодонтал касалликлар ўртасида боғлиқлик мавжудлигини таъкидлайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, электрон сигареталарнинг зарари ёки зарарсизлиги тўғрисида ишонч билан гапириш учун етарли тадқиқотлар ўтказилмаган. Шунга қарамай, ташкилот электрон сигарета тутуни атрофдаги одамларга зарарсизлиги исботланмагунича ҳукуматларга жойларда уларни чекишни тақиқлашни тавсия қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини чекиш 2012 йил апрелида тақиқланган. Бироқ тақиқни бузганларни жарима тортиш 2015 йилда жорий қилинган. 2012 йилда қабул қилинган қонуннинг кўплаб низомларига ҳозирги кунгача риоя қилинмаяпти.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги