16:29 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда саудияликлар кўмагида балиқчиликка ихтисослашган учта завод қурилади

03.10.2018 13:53 msk

Фарғона

Балиқ заводи қурилиши муҳокамаси. Uza.uz сайти фотоси
Ўзбекистоннинг Сирдарё ва Жиззах вилоятларида Саудия Арабистони ишбилармонлари кўмагида учта балиқчилик заводи қурилади. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

Саудия Арабистонининг Al Hidaya Global Company LID компанияси ишбилармонлари Сирдарё вилоятида бўлиб, балиқ етиштириш, маҳсулотни экспорт қилиш истиқболлари билан танишди.

Жаҳондаги йирик балиқчилик комплексларидан бири бўлган мазкур компания балиқ тухуми, чавоғи, сифатли балиқ етиштириш ва уни экспортга йўналтириш билан шуғулланади.

Вилоят ҳокимлигида Солиҳ Салим Бахвани бошчилигида ушбу мамлакатдан келган ишбилармонларнинг юртимиздаги соҳа вакиллари, тадбиркорлар билан мулоқоти бўлиб ўтди.

Ҳамкорлик келишувига кўра, яқин истиқболда инвесторлар томонидан 300 миллион долларлик сармоя киритилиши ҳисобига Сирдарё ва Жиззах вилоятларида балиқчиликка ихтисослашган 3 та йирик завод ишга туширилади. Қизил балиқни кўпайтириш ва сотишга йўналтирилган балиқчилик кластери ташкил этилиб, 1000 дан зиёд иш ўрни яратилади.

Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Балиқчилик соҳасини ривожлантириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарорни имзолади. Унга кўра, Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида «Балиқ ишлаб чиқарувчи» эркин иқтисодий ҳудуди барпо этилади ва бу ерда балиқни қайта ишлаб чиқиш корхоналари барпо этилади. Бундан ташқари Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида йилига 100 тонна ноёб балиқлар (ласось, хонбалиқ, бакрабалиқ (осетр) ва бошқалар) етиштириш ишлари йўлга қўйилади. Август ойида Ўзбекистонда балиқчилик саноати бўйича мутахассисларни тайёрлаш учун келажакда Россиянинг Астрахан давлат техника университетининг филиали очилиши маълум бўлди. Шунингдек, республикада балиқчилик соҳасини ривожлантириш учун Хитой ва Туркия мутахассислари ҳам жалб қилинган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги