16:20 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россиялик пардозчи тошкентлик қизалоқ даволаниши учун маблағ йиға бошлади

03.10.2018 12:00 msk

Фарғона

Эльвира. Гоар Аветисян томонидан Instagramга жойлаштирган фото
Россиялик визажист (юз пардозчиси) Гоар Аветисян тошкентлик қизчанинг даволаниши учун ҳайрия йўлида пул йиғаётганини эълон қилди. Унинг беш миллиондан ортиқ мухлисларга эга Instagramдаги саҳифасида мана шу ҳақда маълумот жойлаштирилган.

Аветисяннинг сўзларига кўра, у тошкентлик ўн ёшли Эльвиранинг онаси билан Москва шифохонасида танишиб қолган. Гоар бу ерда август ойида болалар учун байрам уюштирган. Қизалоқнинг онаси визажист олдига келиб, фарзанди ҳеч қачон оғримагани, январда эса оёғи оғрий бошлаганини айтади. Текширувлар қизалоқ умуртқаси ёнида ўсма пайдо бўлганини аниқлаган. Тошкентда врачлар қизни даволамоқчи бўладилар, лекин охир-оқибат бунинг иложини тополмай Эльвирани уйига кетишига рухсат берадилар. Лекин қизнинг оиласи Москвадан врачлар топишади. Бироқ, даволанишга 8 миллион рубль миқдорида пул керак, қизнинг ота-онаси 3 миллион маблағ йиққанлар. Instagramда Гоар Аветисян эълон берганидан сўнг бир кечада қолган 5 миллион рублдан 1,4 миллиони йиғилган.

Бундан аввал Гоар Аветисян тожикистонлик уч ёшли Муҳаммадни даволаш учун 3,8 миллион рубль пул йиққанди. Болага гепатобластома ташхиси қўйилиб, унга жигар трансплантацияси керак бўлган. Муҳаммаднинг отаси донор бўлишга рози бўлади, лекин оиланинг бундай мураккаб операция учун пули бўлмаган.

Инсонлар ташқи қиёфасини кескин ўзгартиришга қодир машҳур визажист Аветисян ҳайрия ишлари билан ҳам шуғулланади. Гоар кўпинча юзида чандиғи бор, бетоб ёки оғир шароитда яшаётган аёлларга бепул макияжлар қилади. 2017 йил декабрда Қозоғистонга сафар қилган Гоар Аветисян Дана исмли бир қизнинг гўзал ташқи кўринишга эга бўлишига ёрдам беради. Дана оғир касал бўлиб, унинг узоғи билан беш-олти йил умри қолганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги