16:22 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг уйга қайтгани маълумотини тасдиқламади

03.10.2018 10:30 msk

Фарғона

Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова “қонун билан белгиланган тартибда жазо ўташни давом этмоқда”, - дея Ўзбекистон Бош прокуратураси Имон Каримованинг сўзларини изоҳлади, деб хабар беради Kun.uz.

Гулнора Каримованинг қаерда эканлиги бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилган ВВСнинг ўзбек хизмати ҳам мана шундай жавоб олган: «Каримова қонун бўйича жазо ўташни давом этмоқда». Ташкилот унинг қаерда ўз жазосини ўтаётганини шарҳламаган.


Имон Каримова (Instagramдаги сурати) ва Гулнора Каримова (Kun.uz сайти фотоси)

Шунга қарамасдан «Озодлик» Бош прокуратура жавобига шубҳа қилиб, ўз манбаларига таянган ҳолда Гулнора Каримовани ўз уйида эканини таҳмин қилган. “Озодлик “билан шахси очиқланмаслик шарти билан гаплашган Тошкентдаги ҳуқуқ тизими мулозими¸ бир муддат Зангиота туманидаги аëллар қамоқхонасида сақланган Гулнора Каримованинг ҳозирда Содиқ Азимов кўчасидаги ўз уйида эканини билдирди.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ишловчи айрим мулозимлар «Озодлик»ка Каримованинг бир муддат Зангиоата туманидаги аëллар учун махсус қурилган қамоқхонада сақлангани¸ жорий йил август ойида эса¸ унинг Тошкентдаги уйига чиқарилганини билдирган эди.

«Каримовага уйида жим ўтириш шарти қўйилди. Унинг уйида интернет йўқ ва унинг аҳволи ва музокараларга оид маълумот шу тарзда назорат қилинмоқда»¸ - деган шахси очиқланмаслигини сўраган Тошкент мулозими.

Гулнора Каримованинг уйга қайтганлиги тўғрисида унинг қизи Имон 2 октябрь куни Instagramдаги саҳифасида “Онам энди уйдалар” деб ёзганди. Бундан олдин «Фарғона» Имон Каримованинг 28 сентябрь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси самолётида Буюк Британия пойтахтига учиб кетгани тўғрисида ёзганди. Имон Каримова Instagramдаги саҳифасида Стамбулдан Лондонга учган самолётга ўтириш талони суратини чоп этган. У “Ўзбекистондан нега кетдингиз” деган саволга ўқиш учун кетганлигини айтган. Шунингдек, у Лондон иқтисод мактаби логотипи кўриниб турган суратларни чоп этган. Эслатиб ўтамиз, Лондонда Имоннинг акаси — Ислом Каримов истиқомат қилади. Январь ойида у Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўраганлиги маълум бўлди.

Бош прокуратура ВВС ва «Kun.uz»га Имон Каримованинг Ўзбекистонни тарк этишига “ҳеч қандай тўсиқ бщлмагани”ни билдирган.

Бундан бир йилча олдин Имон Каримова Instagramда онасининг қайтишига умид билдириб, шундай ёзганди: «Оиламиз яна жам бўлиб, осуда ҳаёт кечиришимизга умид қиламан. Ниҳоят мен университетга кираман, онам эса тинчгина соғликлари билан банд бўладилар», — деб ёзганди у.

Ислом Каримов 1991 йилдан 2016 йил, ҳаётининг сўнгги кунига қадар Ўзбекистон президенти вазифасини эгаллаган. Гулнора Каримованинг чет эл ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан текширувга олингани Ислом Каримов давлат раҳбарлиги пайтида бошланган ва кейинчалик республикада ҳам унга нисбатан муаммолар борлиги ошкор бўлган. Ислом Каримов вафотидан кейин Гулнора Каримова талончилик, сохта тадбиркорлик, солиқдан бўйин товлаш ва бошқа қатор жиноятларда айблангани ва унга нисбатан беш йил озодликни чеклаш жазоси қўлланилгани маълум бўлди. Гулнора Каримова ҳали тергов ишлари тугамаган яна бир жиноий ишга дахлдор деб топилган ва бу ҳақда “Гулнора Каримова” рукнидаги мақолаларда батафсил маълумотларни ўқишингиз мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги