23:09 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Гулнора Каримованинг қизи онасининг уйга қайтганини ёзган

03.10.2018 10:29 msk

Фарғона

Ўзбекистоннинг биринчи президенти невараси ва Гулнора Каримованинг қизи, 20 ёшли Имон Instagramдаги блогида «энди онам уйдалар» деб ёзган. Шунингдек, у Стамбулдан Лондонга учган самолётга ўтириш талони суратини чоп этган. Кўринишидан Имон 29 сентябрь куни Лондонга учиб келган.


Имон Каримованинг Instagram stories скриншоти

Бундан олдин «Фарғона» Имон Каримованинг 28 сентябрь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси самолётида Буюк Британия пойтахтига учиб кетгани тўғрисида ёзганди. Instagram геомаълумотларига кўра, ҳозир Имон Лондонда. Унинг “Онам уйдалар” деган сўзи Гулнора Каримованинг жазоси уй қамоғига ўзгартирилган бўлиши мумкинлигидан далолат беради. Лекин “Фарғона” бу борада аниқ маълумотга эга эмас.


Имон Каримованинг Instagram stories скриншоти

Ислом Каримов 1991 йилдан 2016 йил, ҳаётининг сўнгги кунига қадар Ўзбекистон президенти вазифасини эгаллаган. Гулнора Каримованинг чет эл ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан текширувга олингани Ислом Каримов давлат раҳбарлиги пайтида бошланган ва кейинчалик республикада ҳам унга нисбатан муаммолар борлиги ошкор бўлган.


Имон Каримованинг Instagram stories скриншоти

2012 йил июлида Швейцарияда ноқонуний пуллар айланмасига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилиб, унда Ўзбекистон раҳабриятига яқин одамларнинг ҳисоб рақамлари ҳибсга олинади. 2013 йил сентябрда Гулнора Каримова устидан тергов ишлари бошланган, лекин расман бу ҳақда 2014 йил март ойида эълон қилинган. 2015 йил августда АҚШ қатор мамлакатлардан Каримовага қарашли 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги активларни ҳибсга олишни сўрайди. 2016 йил январда Ўзбекистон Адлия вазирлиги Нью-Йорк судига Гулнора Каримова билан боғлиқ музлатилган пулларни қайтариб олмоқчилигини маълум қилган. Ўша йилнинг апрелида АҚШ Адлия вазирлиги очиқчасига Гулнора Каримовани пулларни ноқонуний ўзлаштирганлик ва пора олганликда гумон қилишини айтади. Бу ҳақда “Гулнора Каримова” рукнидаги мақолаларда батафсил маълумотлар олишингиз мумкин.


Лола Каримова-Тиллаева ва Имон Каримова. Лола Каримова-Тиллаеванинг Facebookдаги саҳифасидан фото

2017 йил июлда Ўзбекистон Бош прокуратураси Ислом Каримовнинг қизи 2015 йилдан талончилик, сохта тадбиркорлик, солиқдан бўйин товлаш ва бошқа қатор жиноятларда айбланишини маълум қилган. Унга нисбатан беш йил озодликни чеклаш жазоси қўлланилган. Шу ой Гулнора Каримованинг адвокати Грегуар Манжа «Фарғона»га унинг мижозини уй қамоғидан СИЗОна олиб ўтганларини айтган. «Менга бундан уч ҳафта олдин мижозим қамоққа олингани маълум бўлди, лекин айнан қайси қамоққа эканига ҳеч ким ойдинлик киритмаяпти», — деган адвокат.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги