22:47 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёевни Нобель мукофоти билан тақдирланишини орзу қилган депутат пора билан қўлга тушди

02.10.2018 15:55 msk

Фарғона

Олимжон Тўхтаназаров. Uznews.uz сайти фотоси
Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати, Ўзбекистон Либерал- демократик партияси аъзоси Олимжон Тўхтаназаров 22 сентябрь куни вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари томонидан 500 АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтда қўлга олинган. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевни Нобель мукофотига тавсия этгани билан ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган депутатнинг қўлга олингани сюжети “Ўзбекистон 24” телеканали орқали намойиш этилди.

Фуқаро И.М. 2018 йил 20 сентябрь Наманган вилоят тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилади.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, фуқаро И.М. аввали Поп туманида мактаб директори лавозимида ишлаган, Жиноят ишлари бўйича Поп тумани судининг 2017 йилги ҳукми билан судланиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, суд ҳукмидан норози бўлиб, Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати Олимжон Тўхтаназаровга мурожаат қилади. Тўхтаназаров давлат органларидаги юқори мансабдор шахсларга пора бериш орқали суд ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқартириб беришни ҳамда мактаб директори лавозимига ишга тиклаб қўйишни ваъда беради ва бунинг эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилади. Шундан сўнг фуқаро И.М мутасадди орган ходимларидан депутатга нисбатан қонуний чора кўришларини сўрайди.

Мазкур ҳолат юзасидан О.Тўхтаназаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (“Товламачилик”), 211-моддаси (“Пора олиш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, шу куни вилоят халқ депутатлари Кенгаши розилиги олинган ҳолда О.Тўхтаназаров ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган. Сўроқ пайтида у қилган ишидан афсусдалиги, 500 АҚШ долларини рўзғор эҳтиёжлари учун ишлатмоқчи бўлганини айтган.

Вилоят прокуратураси Наманган вилояти ҳокимига Тўхтаназаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлиги боис, уни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинишига доир сўровнома киритган.

Телеканал маълумотларига кўра, Тўхтаназаров 2015 йили ички ишлар органи томонидан фирибгарлик йўли билан фуқаро К.Сафаевадан 1000 АҚШ доллари олган пайти ушланган. Бу иш бўйича Наманган вилоят прокуратураси ЖК 168-моддаси билан жиноий иш қўзғатади, лекин томонлар келишувига биноан иш тўхтатилади.

Депутат рафиқаси Сайёра Ҳалимова турмуш ўртоғининг жиноятга қўл урганига ишонмайди. «Шунча йил битта уйда яшаганингиздан кейин биласиз. Уйда уч киши мен, қизим ва турмуш ўртоғим ишлаб рўзғор тебратамиз. Бир фарзандимиз болаликдан ногирон. Турмуш ўртоғим ҳар доим уйга ҳаром кирмаслик кераклигини таъкидлаб келган», - дея Ҳалимова сўзларини келтиради ВВС.

Тўхтаназаров — Facebook ижтимоий тармоғининг фаол фойдаланувчиси ҳисобланади. У маҳаллий ҳокимятдаги коррупция, маҳаллий кучишлатар тизими ходимларининг вазифасини суиистеъмол қилишлари ва бошқа муаммолар ҳақида постлар ёзиб келган. Жумладан, депутатнинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳокимият мулозимларининг эскича иш услуби сабаб Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий соҳада эълон қилган ислоҳотлар жойларда олдинга силжимаяпти, оддий одамлар турмушида сезиларли ўзгаришлар содир бўлмаяпти.

Facebookда фаол бўлган Олий мажлис депутати Расул Кушербаев 18 сентябрь куни кимгадир туҳмат қилгани учун жазоланиш билан огоҳлантирилганига шаъма қилиб пост қўйган.

"Facebook инсульт даврини бошдан кечираяпти Бу орада кимларгадир туҳмат қилиб қўйганмишман. Камига бунга жазо бормиш. Мдаа жуда қолипга туширишибди ўзиям: фикр билдирсанг жазо, дардга қулоқ тутсанг жазо, ёнсанг жазо, куйсанг жазо, бефарқ бўлсанг жазо... Ишқилиб жазо борлигини эслатишдан бошқаси йўқ ", - деб ёзган Расул Кушербаев. Бу гаплардан тўрт кун ўтиб депутат Олимжон Тўхтаназаров қўлга олинди, Кушербаевнинг ушбу пости эса Facebookдан ғойиб бўлди.

Олимжон Тўхтаназаров шу йил май ойида «Озодлик» мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Нобель мукофотига бир неча номинациялар бўйича тавсия қилгани билан машҳур бўлди. «Халқ берган ваколатдан фойдаланиб, Швейцариядаги Нобель мукофоти таъсисчиларидан (номзодлар Швеция Қироллик академияси ва Норвегия Нобель қўмитаси томонидан танлаб олинади ва уларнинг Швейцарияга ҳеч қандай алоқаси йўқ - «Фарғона» изоҳи) Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович Мирзиëевга Нобель мукофотини беришларини сўрайман. Адабиëт бўйича ҳам олса арзийди. Чунки президент адабиëтга эътибор бермоқда. Тинчлик соҳасида ҳам, чунки Ўзбекистонда тинчлик ҳукмрон. Илм-фан соҳасида ҳам бемалол ола олади. Журналистика фанига эътибор қаратиб мана университет ҳам очворди. Шу кўнглим сезиб турибди, бугун ë эрта Швейцариядагилар (Швеция билан адаштирмоқда - таҳр.) ўзлари келиб ҳурматли юртбошимизга Нобель мукофотини бериб кетади. Бунга шак-шубҳа йўқ, - деган депутат.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги