16:45 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Америкалик прокурорлар террорчи Сайфулло Соиповга ўлим жазосини талаб қилишди

02.10.2018 09:26 msk

Фарғона

АҚШ Федерал прокурорлари 2017 йилда Нью-Йоркда теракт содир этган Сайфулло Сойиповга нисбатан ўлим жазоси қўлланишини талаб қилишди. Бу ҳақда ABC News хабар беради.

Олдинроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Сайфулло Сойиповни ўлимга ҳукм этишни талаб қилди. У Соипов қилган ишига пушаймон бўлмагани ҳамда “Ислом давлати” террорчилик гуруҳини қўллашдан воз кечмаганини қайд этиб ўтди. “У ўлим жазосига муносиб”, - дея твиттерда ёзди президент.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 21 ноябрь куни Сайфулло Сойиповга Нью-Йоркда одамларни автомобилда босиб кетганлиги муносабати билан айб қўйилган эди. Одам ўлдириш ва “Ислом давлати” экстремистик гуруҳини қўллаб- қувватлаганликни ҳам ўз ичига олган, 22 та банддан иборат айблов хулосаси АҚШ Ҳақамлар судининг федерал ҳайъати томонидан тасдиқланган эди.

Сайфулло Сойиповни саккиз кишини ўлдирганликда, шунингдек, 12 нафар йўлдан ўтиб кетаётган шахсни ўлдиришга қасд қилганликда айблашмоқда. Айблов хулосасида “Ислом давлати” билан шерикчилик қилиш ҳақида ҳам сўз боради. Бу террорчилик гуруҳи ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган эди.

“Фарғона” Соипов тўғрисида маълумот тўплади. У Тошкентда туғилган, қўшниларининг айтишича, диндор бўлмаган оилада тарбияланган, бир нечта опа-сингиллари бор. Баъзи маълумотларга кўра, бир неча йил Ўзганда (Қирғизистоннинг Ўш вилояти) ва Россияда яшаган. 2010 йилда грин-кард орқали АҚШга кўчиб кетган. Унинг танишлари айтишича, ортиқча диндорлик аломатларини намоён этмаган. АҚШда уйланган, юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Терактгача қонунни бузмаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги