16:20 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорликда коинотни тадқиқот қилади

01.10.2018 16:48 msk

Фарғона

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди кўпчилик соҳаларда, жумладан коинотни тинчлик йўлида тадқиқот қилишга келишиб олдилар. Бу ҳақда The Times Of India хабар беради.


Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Мирзиёев ва Моди 20 та ҳужжатни имзоладилар. Томонлар туризм, миллий хавфсизлик, савдо соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Шунингдек, ҳарбий таълим, қишлоқ хўжалиги, фан ва техника, соғлиқни сақлаш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши биргаликда курашга келишиб олинди.


Шавкат Мирзиёев Ҳиндистоннинг ишбилармонлари даврасида. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Томонлар ўзбек-ҳинд ишбилармонлар кенгашини тузиш, икки мамалакат савдо айланмасини $1 млрд.га кўтаришга келишиб олдилар. Андижон вилояти ва Гужарат штати, Самарқанд ва Агра шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик қилиш битимлари имзоланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида эркин фармацевтика ҳудудини барпо этиш бўйича шартнома имзоланди. Февраль ойида мана шундай ҳудуд Андижонда барпо этилиши хабар қилинганди. Ўзбек-ҳинд корхоналари фармацевтика, биофармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаради ва дори- дармонлар ишлаб чиқаришда Ўзбекистонда етиштириладиган доривор ўсимликлардан фойдаланилади.


Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди рафиқалари билан. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ўзбек делегацияси 30 сентябрь куни Ҳиндистонга келди. Ташриф арафасида, яъни 28 ва 29 сентябрда Нью-Деҳлида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деб номланувчи кўргазма ва Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг юздан ортиқ давлат ва тижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги