16:21 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентнинг Себзор даҳасида ўнлаб уйлар бир кечада бузиб ташланди

01.10.2018 16:08 msk

Фарғона

Пойтахтнинг Шайхонтохур тумани Себзор даҳасида бир кечада ўнлаб уйлаб бузиб ташланди. Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчиси Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзларига кўра, бу ерда Ҳиндистон, Хитой ва Тожикистон мамлакатлари элчихоналари қурилади, деб хабар беради «Газета.uz» нашри. «Kun.uz» аниқлашича, «Жанггоҳ» маҳалласидаги уйлар бузилган.


Себзордаги уйлар бузилиши. Gazeta.uz сайти фотоси

Қурилиш ишлари 29 сентябрь кунининг иккинчи ярмида бошланган. Пойтахт ҳокими матбуот котиби Хусниддин Эргашевнинг аниқлик киритишича, 370 та одам прописка қилинган 79 та уй бузилган. Бу ерда яшаётганларга янги қурилаётган массивдан 240 та квартира берилган ва Юнусободнинг “Мегаполис” турар-жой мажмуаси ва Golden House уйларидан яна 11 та квартира берилиши кўзда тутилган. Ортиқхўжаевнинг сўзларига кўра, маъмурият уйларни қарзга олган ва ҳозирча уни қандай тўлашини билмайди.

«Жанггох» маҳалласи аҳолиси уйлар бузилишини олдиндан билган, чунки март ойида ҳукумат шу ҳақда қарор чиқарган. Лекин уйлар бузилишининг аниқ санаси номаълум бўлган, шунинг учун қурилиш техникаси келиб, уйларни бузишни бошлагани кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлди. Ижтимоий тармоқларда бир аёл бу ҳақда шундай ёзади: «Соат 14:00-15:00 да йиғилиш бўлиб, шошилманглар дейишди, нарсаларни йиғиштиришга икки-уч кун вақт берилади, дейишди. Соат 17.00 да эса нарсаларни олиб кетгани машиналар келди. Соат 18.00 да булдозер келиб, ҳали нарсалари йиғиштирилмаган уйларни буза бошлади. Одамларга бирорта ҳужжатсиз янги уйларнинг калити берилди. Ақлга сиғмайдиган ишлар бўляпти!!!».

Айрим одамлар янги уйларга ўзлари учун қулай шароитларда кўчиб ўтганидан мамнунлар. Масалан, уйида 16 та одам прописка бўлган хонадонга ҳокимият томонидан тўртта квартира берилган.

Ортиқхўжаев кўп нарсаларни талаб қилган одамлардан ёқа ушлайди. «Айрим уйларга шунчалик кўп одамлар прописка қилинганки, уларни йиғсангиз, ўша уйга сиғмайди. Улар ўзларининг уйлари, квартиралари борлигини яширмайдилар ҳам, лекин шу ерда прописка қилингани боис уй талаб қилишяпти. Қаранг, машиналар юкларни биз берган уйларга эмас, улар яшаётган бошқа уйларга кўчириб кетяпти», - дейди шаҳар ҳокими.


Себзордаги уйлар бузилиши. Gazeta.uz сайти фотоси

«Жанггоҳ» маҳалласидан бир одам уйларнинг шошма-шошарлик билан бузилишига давлат раҳбарининг Ҳиндистонга қилган сафари сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтади, зеро мазкур мамлакатнинг элчихонаси Себзорда қурилиши режалаштирилган. Айтиб ўтиш лозим, қурилиш ерида республика Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида штаб барпо этилган.

Уйларнинг бузилиши, ер участкаларининг давлат фойдасига ўтказилишига доир қонунга кўра, маҳаллий ҳукумат уйлар бузилиши ёки олиниши тўғрисида олти ой олдин одамларга ёзма равишда билдиришнома бериши керак.

Лекин, Ўзбекистон Адлия вазирлиги текширувлари шуни кўрсатдики, 2016-2018 йиллари маҳаллий ҳокимиятлар уйлар бузилиши сабаб фуқароларга пул конпенсация тўланиши қоидаларини бир неча бор бузганлар. Натижада умумий ҳисобда 20 млрд сўм ($2,5 млн) миқдорида фуқаролардан қарздорлик ҳолати юзага келган.

Ўзбекистонда йирик лойиҳалар қурилиши сабаб уйларнинг бузилиши ҳолати кескинлашиб қолган. «Тошкент сити» бизнес марказининг қурилиши доирасида кўпгина тошкентликларнинг ўз уйларидан мажбуран кўчирилиши анчагина норозиликларга сабаб бўлди.

Май ойида Андижонда огоҳлантиришсиз одамларнинг уйлари бузилгани ҳам жанжалларни келтириб чиқарди. Бу каби ҳолат Тошкент-Чорчоқ трассаси бўйидаги уйларнинг бузилишида ҳам кузатилди. Ўшанда йўл бўйидаги 28 та хусусий уй бузиб ташланганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги