16:21 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

43 ёшли ўзбекистонлик гимнастикачи Жаҳон кубогининг олтин медалини қўлга киритди

01.10.2018 14:02 msk

Фарғона

Оксана Чусовитина. Ўзбекистон МОҚ фотоси
43 ёшли ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина Парижда ўтказилган FIG World Challenge Cup-2018 нинг олтин медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Франция Гимнастика федерацияси сайтида хабар берилган.

Чусовитина 14,250 очко билан таянчли сакрашда энг яхши гимнастикачи деб баҳоланган. Иккинчи ўрин канадалик Элизабет Блэк (14,200), учинчи ўрин Словения вакили Тьяса Киселеф (13,600) га насиб этган.

21-чи FIG World Challenge Cup-2018 Парижнинг Accorhotels Arena спорт мажмуасида 29-30 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. Мусобақаларда жаҳоннинг 32 мамлакатидан 137 нафар спортчи иштирок этдилар. Чусовитина Марказий Осиё республикаларидан қатнашган ягона спортчи бўлди.

Оксана Чусовитина ўз карьерасини СССР давридан, яъни 1991 йилдан бошлаган. У Жаҳон, Европа, Осиё мамлакатлари ўйинларида бир неча бор ғолибликни қўлга киритган. Жумладан, Осиё - 2018 ўйинларида Оксана “кумуш” медални қўлга киритди. Чусовитина ўғлининг бетоблиги туфайли 2002 йили Германияга кўчиб ўтишга мажбур бўлади ва 2013 йиога қадар Германия байроғи остида халқаро мусобақаларда иштирок этади. Ҳозирда гимнастикачи яна Ўзбекистон байроғи остида мусобақаларда иштирок этмоқда. Чусовитина гимнастика тарихида еттита олимпия ўйинларида (1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016 йиллари) иштирок этган ягона аёл ҳисобланади ва унинг номи Гиннес рекордлар китобига киритилган. 2017 йил май ойида Оксана Халқаро гимнастикачилар шарафи залига (International Gymnastics Hall of Fame, IGHOF) киритилган.

Августда Чусовитина 2020 йилда Токиода ўтказиладиган Олимпия ўйинларида иштирок этишни орзу қилишини маълум қилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги