22:50 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Москвада теракт содир этишга уринган ўзбекистонлик йигит қамоқ жазосига тортилган

01.10.2018 13:07 msk

Фарғона

Муродбек Қодиров. “Россия 24”телеканалидан лавҳа
2017 йил августда Москва вилоятида қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Муродбек Қодиров Суриядаги жанговор ҳаракатларда иштирок этаётган ҳарбий қисмда теракт содир этишга тайёргарлик кўргани учун 15 йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар беради «Коммерсант».

Тергов маълумотларига кўра, Қодиров портловчи моддалар юкланган машинада ҳарбий қисмга бостириб кириб, ўзини портлатиб юбориши ва бу акция экстремистларнинг сайтида онлайн тизимида намойиш этилиши керак бўлган. ФХБ (ФСБ) ва Қодиров версияга кўра, у шу тарзда Сурияда бомбардимон остида ҳалок бўлган акаси учун қасд олмоқчи бўлади.

2017 йил 29 июлда Қодиров «Ислом давлати»га (дунёнинг қатор давлатларида тақиқланган террорчи ташкилот) хизмат қилиш учун қасам ичади ва ташкилот етакчиларидан Москва вилоятида теракт содир этиш бўйича буйруқ олади. Теракт Россиянинг ҳаво-космик кучлари қисмларидан бирида содир этилиши ва бу билан «давлат органлари фаолиятига путур етказиш» ва «Сурияда ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан воз кечишга таъсир кўрсатиш» мақсад қилинади. Қодиров ҳарбий қисм қандай қўриқланишини ўрганади ва у ерга кириш усулларини қидиради. Лекин уни сезиб қоладилар ва қўлга оладилар. Унинг ижарада яшаётган уйи тинтув қилинганида, у ерда портловчи мослама ва унга керакли унсурлар топилади.

Дастлаб, Қодиров Тожикистон фуқароси Д.Шарипов билан Москвада теракт содир этмоқчи бўлгани маълум қилинади: улардан бири болта билан одамларга ҳамла қилиши, иккинчиси ўзини портлатиб юбориши керак бўлган. ФХБ видеоролик намойиш этиб, унда Қодиров Россияга келишидан мақсад «жиҳод қилиш, «Ислом давлати» кўрсатмасига биноан портлашув содир этиш» бўлганини айтади.

Қодировга нисбатан РФ Жиноят кодексининг 30-модда, 1 қ ва 205-модда, 2 қ, “а” пункти («Террорчилик актига тайёргарлик кўриш, олдиндан келишган ҳолда бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ билан уни содир этиш»), 222.1-модда, 3 қ («Портловчи моддаларни ноқонуний тайёрлаш, қўлга киритиш, тарқатиш, сақлаш, олиб юриш ёки уюшган гуруҳлар билан уни ишлаб чиқиш»), 223.1-модда, 3 қ («Уюшган гуруҳ билан портловчи моддаларни ноқонуний тайёрлаш») ва 205.5-модда («Террорчи ташкилот таркибида иштирок этиш») айблари қўйилган. Лекин кейинчалик воқеаларнинг бошқача ривожи маълум бўлади.

Натижада Ҳарбий суд Қодировга нисбатан террорчи ташкилотда иштирок этгани учун - 12 йил, портловчи моддалардан бомба тайёрлагани учун - 7 йил, терактга тайёргарлик кўргани учун - 6 йил беради. Жавобгарликнинг қисман қисқартирилиши оқибатида Муродбек Қодировга 15 йил қаттиқ режимдаги қамоқ жазоси тайинланади. Иккинчи қўлга олинган шахс - тожикистонлик Д.Шарипов ҳақида маълумот берилмаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги