22:47 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Гулнора Каримованинг қизи Тошкентдан Лондонга учиб кетди

01.10.2018 10:34 msk

Фарғона

Ўзбекистон собиқ президентининг невараси, Гулнора Каримованинг қизи - Имон Каримова ўтган жума куни Тошкентдан Лондонга учиб кетган кўринади. Буни унинг Instagram Stories («ҳикоялар»)даги фотосуратлар тарихидан кўриш мумкин. Суратлар 24 соатдан сўнг автомотик равишда ўчирилади.

Фотосуратларнинг бирида Имон Каримовага тегишли “Ўзбек ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Лондондаги Хитроу аэропортига учиб борадиган HY201 рейсига ўтириш талони муҳрланган. Сана: 28 сентябрь 16:20.



Иккинчи фотосуратда эса рус тилида қуйидаги сўзлар ёзилган :«Ҳар ким ҳам бузиб киролмайди. Тошкентдан учиб кетаётганда ўз «devices» ларингизни эҳтиёт қилинг, чунки компьютеримни текширишгани каби, уларни ҳам бузиб кириб, текширишлари мумкин. Лекин бундай ҳолат агар сизни бир пайтнинг ўзида “кузатиб”, ғамхўрликлик қилаётганларида юз бериши мумкин».



Бобоси номига қўйилган аэропортда Имон Каримованинг компьютерини синчиклаб текширишган кўринади. Имоннинг сўзларига кўра, шу сабаб рейс бир ярим соатга кечиктирилган. (Машҳур Flightradar24 портали маълумоти 28 сентябрь куни мазкур рейснинг кечиктирилганини тасдиқлайди).





Эслатиб ўтамиз, Лондонда Имоннинг акаси - Ислом Каримов истиқомат қилади. Норасмий маълумотларга кўра, уларнинг онаси - Гулнора Каримовага нисбатан ноқонуний равишда катта миқдорда пулларни ўзлаштирганлик учун тергов ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, бир неча Европа мамлакатларида ҳам Гулнора Каримовага нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган. Бу ҳақда “Гулнора Каримова” рукнида батафсил маълумотларни ўқишингиз мумкин.

Имон Каримова узоқ вақт Тошкентда “четга чиқарилмас шахс” сифатида яшаган. Унинг акаси Исломни ҳам Тошкентга киритмайдилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги