07:17 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Истеъмолчиларнинг деярли $3,6 млрд қарзи ундирилди

28.09.2018 13:35 msk

Фарғона

Мажбурий ижро бюроси ходими. Kun.uz сайти фотоси
2017 йилнинг июнидан 2018 йилнинг сентябрига қадар Ўзбекистон Бош прокуртураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ижро ҳужжатлари бўйича 29,5 триллион сўм ($3,6 млрд) миқдоридаги қарздорликларнинг ундирилиши таъминланди. Бу ҳақда Бюро директори Ботир Қудратхўжаев “Халқ сўзи“га берган интервьюсида маълум қилди.

Қарздорликнинг 15,4 триллиони ($1,89 млрд) — электр энергияси, 13,2 триллиони ($1,62 млрд) — табиий газ, 834,6 миллиард сўми эса ($102,57 млн) — сув истеъмолидан ташкил топган.

Ботир Қудратхўжаев қарзларни ундириш тизими мукаммаллашгани айтиб, ҳисобот даврида давлатга 66,3 миллиард сўмлик ($8,1 млн) зарар келтирган 202 та жиноят фош этилгани, пора ва талончилик оқибатида 120 нафар газ,электр, сув таъминоти ташкилотларининг ходимлари жавобгарликка тортилганини таъкидлади.

Аввалги «Ўзбекэнерго», «Ўзтрансгаз» ва сув таъминоти ташкилотларининг бешта назоратчиси ишини ҳозирда МИБ нинг битта ходими бажармоқда. 2019 йилдан коммунал хизмат соҳасида истеъмолчининг ягона ҳисоб рақамидан иборат ягона биллинг тизими жорий этилади. У истеъмолчига ўз вақтида коммунал хизматлар ҳисобини бериб, бу соҳадаги ҳисоб-китоб ва мижозлар истеъмолини назорат қилади.

Бюро раҳбари “одамлардаги хоҳлаганда пулини тўлаш каби эски иллатлар”га қарши кураш ташкилотнинг бош вазифаларидан бири, деб билади. Шу билан бир пайтда мамлакатнинг бош ахборот агентлиги “ЎзА” одамларни яқин келажакдаги тарифлар ошишига тайёрлайди. «Газ ва светга фарзандларимиз, набираларимиз икки, уч баробар кўп ҳақ тўламасликлари учун, севган инсонларимизнинг порлоқ келажаги ва бахти учун бугундан қайғуришимиз керак», —дейилади агентлик чоп этган “Нима учун энергия ресурслари нархи ошмоқда?” деган мақолада.

2017 йил 1 июлдан Ўзбекистондаги барча жисмоний шахслар табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун ҳар ойнинг 10 кунига қадар тўлов ўтказишлари керак, акс ҳолда улар мазкур таъминотдан узиладилар. Юридик шахс ва тадбиркорлар олдиндан 100 фоиз тўловдан кейингина энергия ресурсларидан фойдаланишлари мумкин.

2018 йил 1 майдан коммунал хизматлар бўйича қарзи бор фуқаролар, қарзларини тўламагунларича Ўзбекистондан четга чиқолмайдилар. Июнь ойидан қарздорлик бор- йўқлигини онлайн тизимида текшириб олиш мумкин.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси 2017 йил май ойида ташкил этилган. Шу пайтга қадар мазкур ташкилот ходимларига нисбатан 100 дан ортиқ тажовузкорлик қилингани ҳолатлари қайд этилган. 2018 йил сентябрда Ўзбекистон Бош прокуратураси Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ва МИБ ходимларига пора таклиф қилган шахслар устидан жиноий ишлар қўзғади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги