06:28 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Фарғонада Латвия Ахборот технологияси менежменти олий мактабининг филиали очилади

28.09.2018 10:14 msk

Фарғона

ISMAдаги ўзбек студентлари. Instudy.uz сайти фотоси
Фарғонада Латвия Ахборот технологияси менежменти олий мактаби (ISMA университети) нинг филиали очилади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди, деб ёзади Spot.

Филиал Ўзбекистон туризм соҳаси учун мутахассасларни тайёрлаш қатори, сайёҳлик, меҳмонхона хўжалиги ва бошқа соҳаларда тадқиқотлар олиб боради. Бакалавр ва магистрлар кундузги бўлимда, кўпроқ инглиз тилида, тўлов-контракти асосида ўқийдилар. Ўқув режа ва дастурлари Латвия ОТМ томонидан тасдиқланади.Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий таълим муассаса мақомига тенг Олий мактаб дипломи берилади.

Апрель ойида Латвия Сейми (парламенти) раиси Инара Мурниеценинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида, жумладан талабаларни «Туризм, меҳмонхона ва ресторан бизнеси» соҳасида ўқитиш масаласи муҳокама қилиниб, мазкур Олий мактабнинг филиалини очиш режалаштирилганди.

Ахборот технологияси менежменти олий мактаби 1994 йили Ригада очилган. Бу хусусий ОТМ бўлиб, таълим даргоҳида талабалар туризм соҳасидан ташқари, “Ахборот технологияси”, “Иқтисод”, “Кўчмас мулк бошқаруви” каби йўналишларда таълим оладилар.

Ўзбекистонда чет элликлар билан ҳамкорликда очилган қатор олий таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Улар қаторига - Менежментни ривожлантириш Сингапур институти, Халқаро Вестминстер университети, Турин политехника университети киради. Ҳозирда Жанубий Кореянинг Пучон университети, Гачон тиббий университетининг филиаллари очилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда бугунги кунда Инха (Жанубий Корея) университети, Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети филиаллари фаолият юритади. Тошкентда “МИСиС” (Москва пўлат ва қоришмалар институти) ва ВГИК (Бутунроссия давлат кинематография институти) филиаллари очилиш арафасида.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги