16:22 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Давлат хавфсизлик хизмати куни белгиланди

27.09.2018 15:07 msk

Фарғона

Ўзбекистон ДХХ ходимлари. Uznews.uz сайти фотоси
27 сенябрда Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Қонунга кўра, 5 апрель – Давлат хавфсизлик хизмати куни этиб белгиланди, деб хабар беради Uzdaily.uz.

Мазкур сананинг белгиланиши беъжиз эмас: айнан шу куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати тўғрисида» қонунни тасдиқлади. Миллий хавфсизлик хизматини (МХХ) Давлат хавфсизлик хизматига (ДХХ) ўзгартириш бўйича президент фармони 14 март куни имзоланган. Мирзиёев бир неча бор мазкур ташкилот раҳбариятини танқид остига олган. Кўпгина раҳбарлар ишдан олинди, жумладан МХХни 22 йил давомида бошқариб келган Рустам Иноятов эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди.

Парламентнинг Қуйи палатаси 15 март куни ДХХ тўғрисида қонун қабул қилди, Сенат эса уни 29 март куни мақуллади.

Бугунга қадар МХХ ходимлари 26 сентябрь куни, яъни 1991 йили Давлат хавфсизлик қўмитасининг Миллий хавфсизлик хизматига ўзгартирилган куни касбий байрамини нишонлар эдилар, деб ёзади «Uzmetronom». Советлар даврида чекистлар касбий байрамини 20 декабрь куни тантана қилганлар. Чунки 1917 йил 20 декабрда контрреволюция ва саботажларга қарши кураш учун Бутунроссия фавқулодда комиссияси (ВЧК) ташкил этилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги