16:34 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев Ўзбекистонни инновацион ривожланиш бўйича дунёнинг 50 мамлакатлари қаторига кўшиш вазифасини қўйди

24.09.2018 13:36 msk

Фарғона

Sputniknews-uz.com сайти фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2030 йилгача Ўзбекистонни Глобал иннавацион рейтинг и (The Global Innovation Index) бўйича дунёнинг 50 мамлакати рўйхатига киритиш вазифасини қўйди. Бу ҳақда “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги президент фармонида сўз юритилади. «Мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлилиги даражасини ва инновацион жиҳатдан тараққий этганини белгиловчи асосий омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш – Стратегиянинг бош мақсадидир», дейилади фармонда.

Ҳужжатда кўплаб кўрсаткичларнинг мавжуд эмаслиги ва ишлар самарали мувофиқлаштирилмагани сабабли Ўзбекистон сўнгги йилларда нуфузли ва обрўли халқаро тузилмалар томонидан тузиладиган Глобал инновацион индекс рейтингида иштирок этмаётганлиги таъкидланади. Рейтингга кириш Стратегиянинг асосий мақсадларидан биридир.

Бундан ташкари, Стратегияда барча даражада таълим сифати ва қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш,

илмий тадқиқотлар ва ишланмаларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар натижаларини кенг жорий этиш учун таълим, илм-фан ва тадбиркорликни интеграция қилишнинг таъсирчан механизмларини яратиш,

инновациялар, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишларга давлат ва хусусий маблағлар киритилишини кучайтириш, бу соҳалардаги тадбирларни молиялаштиришнинг замонавий ва самарали шаклларини жорий этиш,

бошқарувнинг замонавий усуллари ва воситаларини жорий этиш орқали давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш вазифалари белгиланган.

Шунингдек, ҳужжатдан мулкчилик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, рақобатбардош бозорлар ташкил этиш ва бизнес юритиш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш, барқарор фаолият юритадиган ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани яратиш вазифалари ўрин олган.

2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича комиссия тузилади ва уни Бош вазир А Арипов бошқаради. Стратегияни амалга ошириш доирасида оммавий ахборот воситалари, илмий доиралар вакиллари ва хорижий экспертларни, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этган ҳолда учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва матбуот анжуманларини, шу жумладан, жойларда ташкил этилади.Фармон ижросининг бориши тўғрисидаги батафсил ахборотни

ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб борилади.

Глобал инновацион индекс (The Global Innovation Index) —Халқаро INSEAD бизнес - мактаби методикаси бўйича Халқаро интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан тузилади.

Рейтинг турли иқтисодий ривожланиш даражасида бўлган дунё мамлакатларидаги инновацион тараққиётни 82 хил омил билан ўлчаш орқали тузилади. 2017 йили тадқиқот 127 та мамлакат тараққиётини ўрганди (унда Швейцария биринчи ўринни, Яман охирги ўринни эгаллаган). Қозоғистон мазкур рейтингда - 78, Тожикистон — 94 , Қирғизистон — 95 ўринни эгаллаган. Ўзбекистон ушбу рўйхатдан тушиб қолган. 2018 йили ўқувчи ва муаллимлар сони, четдан инвестиция киритилиши ва бошқа омилларга кўра Қозоғистон 74 - ўринга чиққан. Бу Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидаги учинчи ўрин ҳисобланади. Ҳиндистон минтақада биринчи ўринни (умум рейтинг бўйича - 57), Эрон иккинчи ўринни эгаллаган. 2018 йили Қирғизистон IT-технологиялар экспорти бўйича 93 - ўриндан 35 - ўринга чиқиб олган. Экспертларнинг эътироф этишича, IT-технология Қирғизистон экспортининг янги “олтини” бўлиши мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги