08:50 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда кўзи ожизлар учун кутубхоналар сони кўпайтирилади

21.09.2018 15:46 msk

Фарғона

Кўзи ожизлар учун китоб. Perkins.edu сайти фотоси
Ўзбекистоннинг 250 нафардан ортиқ кўзи ожизлар истиқомат қиладиган туман ва шаҳарларида махсус кутубхоналар барпо этилади, дейилади республика Адлия вазирлиги телеграмм - каналида.

Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги ҳукумат қарорига асосан кўзи ожизлар учун кутубхоналар ташкил этилиб, ундан аудикитоблар ва махсус Брайл ёзувида чоп этилган китоблар ўрин олади.

Жорий йилнинг февраль ойида Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри, Тўрткўл, Элликқалъа ва Кегейли туманларида республика кўзи ожизлар кутубхонасининг филиаллари очилгани хабар қилинганди. Бундан олдин шунга ухшаш кутубхоналар Чимбой, Хўжали, Амударё, Қўнғирот ва Берунийда очилган. Бу каби кутубхоналар республиканинг бошқа вилоят ва шаҳарларида ҳам фаолият юритмоқда.

Шу билан бирга ўтган йил май ойида Тошкентдаги кўзи ожизлар учун мўлжалланган ягона босмахона милиция балансига ўтказилди.

2016 йили ноябрда Ўзбекистонда Брайл ёзуви асносида кўзи ожизлар учун сайлов бюллетени чоп этилган. Kun.uzнинг хабар беришича, у пайтлар Ўзбекистонда овоз беришга лаёқатли 39 минг нафар кўзи ожиз фуқаролар бўлган.

2017 йил декабрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “ Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада мустаҳкамлаш тўғрисида” фармонни имзолади. Унда, жумладан, ногирон, кўзи ожиз фуқаролар ҳуқуқларининг поймол этилишига йўл қўймаслик тўғрисида сўз юритилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги