16:22 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жанубий Корея Андижонда электромобиллар ишлаб чиқариш учун $2 млн сармоя киритади

21.09.2018 12:11 msk

Фарғона

Кореяликлар ишлаб чиқарган электрокар. Caspiannews.com сайти фотоси
Жанубий Кореянинг Rooper teikom компанияси 2019 йил сўнггига қадар Андижон вилоятининг Асака шаҳрида электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Вилоят ҳокими билан бўлган учрашувда компания директори Сунг Ин Сонг шу ҳақда баёнот берди, деб хабар беради ЎзА.

«Ҳамкорлар билан келаси йил охирига қадар Асакада қиймати $2 млн бўлган электорокарлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга келишиб олдик», — деди Сунг Ин Сонг. У Ўзбекистонда инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилганига урғу берди.

Учрашувда россиялик, кореялик ва туркиялик инвесторлар иштирок этдилар. Улар 2018-2019 йиллари амалга оширилиши лозим бўлган 31 та лойиҳани амалга ошириш, жумладан мева ва сабзавотларни қайта ишлаш, текстиль маҳсулотлари ва электрокарлар ишлаб чиқариш масалаларини муҳокама қилдилар. Учрашувда лойиҳаларни молиялаштириш банклар туфайли оқсаётгани таъкидланди, кредитлар берилишини тезлаштириш масаласи кўрилди. Тадбир Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 11 сентябрда имзолаган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳудудий гуруҳларини ташкил этиш қарорига биноан уюштирилди.

Давлат агентлигининг маълумотига кўра, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва Асака ҳокимлиги раҳбарлари инвесторлар билан учрашувда лойиҳалар йўлида тўсиқ бўлаётган қатор муаммоларни ҳал этганлар. Улар 14 нафар тадбиркорнинг ер ажратилиши бўйича мурожаатларини шу ернинг ўзида ҳал қилдилар ва керакли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Асакада кореяликлар кўмагида электрокарлар ишлаб чиқарувчи завод хориж инвесторлари томонидан амалга оширилаётган ягона лойиҳа эмас. Президентнинг июль ойидаги «2018—2019 йиллари инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарорида Хитойнинг Henan Suda компанияси Бухоро вилоятида электромобиллар ишлаб чиқариши айтилган. Лойиҳа қиймати $64 млн бўлиб, унинг хориж сармояси ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилган.

Июнда хитойликларнинг Changan Automobile Group автомобиль концерни ва Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги Фарғона вилоятида электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги