08:50 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вакили Telegram орқали обуначиларни пахта теримига чиқишга мажбурлаган

21.09.2018 09:52 msk

Фарғона

Пахта даласи. Sng.today сайти фотоси
Андижон вилоят, Қўрғонтепа туман Ëшлар иттифоқи кенгаши раҳбари Назарбек Мирзақабулов номидан ëзилган Telegram хабарида тумандаги 59 та мактаб етакчисига “пул тўлаб пахтага одам юборасан ëки лавозимингни бўшатасан”¸ деган "ультиматум" қўйилган. “Озодлик” хабар беришича, Telegram канали орқали 19 сентябрь, куннинг иккинчи ярмида Ëшлар иттифоқи кенгаши раҳбари номидан етакчиларга юборилган таҳдидли хатда бунинг “туман ҳокимлиги буйруғи” экани ва “муҳокама қилинмаслиги”ни алоҳида таъкидланган.

Қўрғонтепа туманидаги ўрта мактаблардан бирида Ёшлар етакчиси бўлиб ишлаëтган ўқитувчининг Озодликка шахси сир қолишни сўраб билдиришича¸ туман Ëшлар иттифоқи кенгаши раҳбари 19 сентябрь куни эрталаб тумандаги мактаб етакчиларига¸ аввалига телефон қилиб¸ куннинг иккинчи ярмида эса¸ Telegram канали орқали “буйруқ юборган”.

Бу буйруқ матнининг Озодликка юборилган суратида¸ ҳар бир мактаб етакчисига¸ 20 сентябрь куни эрталабки соат 7 да Ëшлар иттифоқи кенгаши биноси олдига биттадан одам олиб келиш, одам олиб келмаган тақдирда эса ҳафтасига 100 минг сўмдан пул тўлаш буюрилган. Бу талабни бажармаганлар эса¸ “дарҳол лавозимидан озод этилиш”дан огоҳлантирилган.

Озодлик мухбирлари билан боғланган Қўрғонтепа туман Ëшлар иттифоқи раҳбари¸ бундай хат жўнатганидан тонди¸ айни пайтда ўз ташаббуси билан пахта териш учун “фидойи ëшлар”ни тўплаш билан машғуллигини билдирди.

Қайд этамиз, Telegram Ўзбекистонда жуда кенг тарқалган, дастур деярли барча интернет фойдаланувчиларида ўрнатилган. Қизиғи шундаки, мессенжер пахта кампанияси пайтида бошқа мақсадларда ҳам фойдаланилади. Мисол учун, Меҳнат вазирлиги шунақа қилиб (@terimuzbot бот орқали) терим мавсумида пул ишлаб олишни ихтиёр қилганларни, @mehnathuquqbot орқали эса фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишлари тўғрисидаги мурожаатларини тўплайди.

Ўзбекистон ҳукумати бу йил пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўймасликни, аҳолини иқтисодий жиҳатдан қизиқтириб, пахта теримида кўнгилли бўлиб иштирок этишга қизиқтиришга ваъда қилди.

Андижон вилоятида маҳаллий расмийлар коммунал хўжалик хизмати ҳамда “Ўзбектелеком” ходимларини пахта далаларига ҳайдаб чиқарди, Фарғона вилоятида эса мутасаддилар сабзавот етиштиришга ихтисослашган фермерларни пахта теримида иштирок этишга мажбурладилар.

Меҳнат вазирлиги 10-17 сентябрь орасида фуқаролардан мажбурий меҳнат ҳолатлари бўйича юздан зиёд мурожаатини олди. Баъзи мурожаатлар бўйича текширувлар тугади, қатор мутасаддилар ва корхоналар раҳбарлари энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида жаримага тортилди (184.300 сўм).

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги