08:55 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда нотариусда кўчмас мулк расмийлаштириш вақти қисқартирилди

21.09.2018 09:00 msk

Фарғона

Тошкентдаги нотариал идора. “Ўзбекистон 24”телеканалидан лавҳа
Ўзбекистон ҳукумати нотариал ҳаракатларни амалга оширишда зарур маълумотларни (маълумотномаларни) олиш учун нотариал идораларнинг бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги бўйича тўртта маъмурий регламентни тасдиқлади. Ҳужжатлар турар жой олди-сотди шартномаларини нотариал тасдиқлаш вақтини қисқартиришга имкон беради, деб ёзади Norma.uz.

Тасдиқланган регламентга кўра, энди нотариус мустақил равишда керакли маълумотларни давлат органлари ва корхоналардан курьер ёки электрон почта орқали сўраб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Масалан, турар жой олди-сотди шартномаларини нотариал тасдиқлаш учун хонадонда пропискада турган одамлар ҳақида маълуцмотнома учун сўров ички ишлар органига юборилади. Кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини нотариал тасдиқлаш учун нотариус коммунал хизматлардан қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотлар олади.

Нотариус, шунингдек, бино ва иншоотларнинг тегишлилиги ва таркиби, кадастр рақами ва умумий (яшаш) майдони ҳажми, кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ ва хатлов мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотларни бевосита мазкур ишлар билан шуғулланадиган давлат ташкилотларидан олади.

Хусусийлаштирилган турар жойни бошқа шахсга ўтказиш шартномасини нотариал тасдиқлаш, хусусийлаштиришга розилик берган шахслар ҳақидаги маълумотлар Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари, Тошкент шаҳрида – “Тошкент шаҳрида уй-жойга давлат ордерлари ва маълумотлар бериш маркази” ДУКдан олинади.

Фуқаро ва ташкилотлар нотариусга мурожаат қилганларидан сўнг, нотариуслар 15-20 дақиқа ичида керакли такшилотларга сўровномалар жўнатиши керак бўлади. Сўровнома курьер орқали олинганда 1 соат вақт кетади. Жавоб олингандан кейин ҳужжатларни расмийлаштиришга ярим соат вақт ажратилади.

Вазирлар Маҳкамаси шунингдек, иккита регламентни тасдиқлади. Унга кўра, нотариуслар ҳар қандай хизмат юзасидан давлат идораларидан мурожаат қилган фуқароларга доир биометрик ва паспорт маълумотларини, шунингдек юридик шахсларга оид маълумотларни мустақил равишда олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу ерда ҳам вақт ўлчови белгиланган: сўровнома юбориш учун 15 дақиқа, жавоб олишга бир соат, шундан сўнг керакли ҳужжатларни расмийлаштиришга 15-30 дақиқа сарфланади.

Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган регламентлар 17 сентябрдан кучга кирган.

Кейинги пайтлар Ўзбекистон ҳукумати нотариал хизматини ислоҳ қилиш бўйича кўпгина ишларни амалга оширмоқда. Ўтган йил декабрь ойида ҳукумат 50 дан ортиқ ҳужжатларнинг нотариус орқали тасдиқланиши қоидасини бекор қилди. Жорий йилнинг май ойидан фуқаро айрим сабабларга кўра мустақил равишда ҳужжатларни расмийлаштиришда иштирок этолмаса, у ҳолда нотариуслар жараённи видеотасвирга оладиган бўлдилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги