08:51 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон тожик цементининг асосий харидорига айланди

20.09.2018 09:33 msk

Фарғона

Душанбе цемент заводи. Nsp.su сайти фотоси
2018 йилнинг саккиз ойи мобайнида Ўзбекистон 520 минг тонна тожик цементини сотиб олди. Бу кўрсатгич шу муддат ичида Тожикистонда ишлаб чиқарилган ялпи цемент маҳсулотининг 20 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда «Азия-Плюс» Тожикистон Саноат ва янги технологиялар вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда хабар беради.

Тожикистон цементини харид қилиш бўйича Афғонистон иккинчи ўринда туради (340 минг тонна), яна 60 минг тонна цемент Қирғизистонга сотилган. Тожикистонда 14 та корхона цемент ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва саккиз ой ичида 920 минг тонна цемент маҳсулоти ишлаб чиқарилган. Агар 2017 йил цемент экспорти 1 млн тоннани ташкил этган ва ойига ўртача 84 минг тонна цемент сотилган бўлса, жорий йилда ойлик цемент экспорти 115 минг тоннани ташкил этди. Маълумотларга кўра, тожик корхоналари маҳсулот экспортини 37 фоизга оширганлар.

Тожикистонда цемент хитойликлар билан қурилган қўшма корхоналарда ишлаб чиқарилади. Ўзбекистонга асосан «Хуаксин Гаюр цемент» (ялпи цемент экспортининг 32,6% ), «Хуаксин Гаюр Сўғд» (24,2%), «Жунгцай Моҳир цемент» (38,5%), «Тадж Чайна» (2%) тожик-хитой корхоналари цементни экспорт қилган. Кейинги йиллар Тожикистонда цемент ишлаб чиқариш деярли ўн баробарга ошган. «Тожикцемент» АК бу йили 2,5 млн тонна цемент ишлаб чиқарган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг 2018 йил январь-август ҳисоботида цемент импорти 7,4 баробарга ошгани қайд этилган. Ушбу қурилиш маҳсулоти саккиз ой ичида $101 млн миқдорида сотиб олинган.

2017 йил январь-август ойлари билан таққосланса, жорий йилда Ўзбекистонда портланд цемент маҳсулотини ишлаб чиқариш 400 минг тоннага камайган. Агар 2017 йил 5,73 млн тонна ушбу турдаги цемент ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йил шу муддат ичида 5,36 млн тонна ишлаб чиқарилган.

Таҳлилчилар газ ва электр энергиясининг нархи ошгани бунинг бош омилидир, деб биладилар. Чунки 2018 йил тарифлар 60 фоизга кўпайган.

Ўзбекистонда июль ойида бир тонна цементнинг нархи 700 минг сўмдан ошиб кетди. Баланд нарх Қорақалпоғистон (764 минг сўм), Хоразм (757 минг сўм), Сирдарё (745 минг сўм) ва Тошкентда (743 минг сўм) кузатилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида чегара очилганидан кейин Ўзбекистонга цемент етказиб бериш бир неча баробарга кўпайди. 2018 йили Тожикистоннинг Ўзбекистон билан савдо айланмаси цемент ҳисобига икки баробарга ортган ва мустақиллик йиллари ичида илк бор қўшни мамлакатдан маҳсулот сотиб олишдан кўра, унга кўпроқ маҳсулот сотишга эришилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги