08:53 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Майк Тайсон Тошкентда қурилаётган ҳашаматли уй соҳиби бўлган

19.09.2018 16:18 msk

Фарғона

Майк Тайсон. Wikipedia.orgсайти birzer фотоси
Америкалик машҳур боксчи Майк Тайсон Тошкентда қурилаётган «Тошкент Сити» халқаро бизнес марказидаги кўчмас мулк соҳиби бўлган. Бу ҳақда лойиҳа инвесторлари маълум қилди, деб хабар беради Spot.uz.

Турар-жой комплексидаги кўчмас мулкларни сотаётган Dream City Development компанияси рекламада Тайсон образидан фойдаланган ва унинг рекламада Тошкентда унга қўшни бўлишга чорлаши аслида - ҳақиқат. Чунки, Майк Тайсон ҳашаматли хонадонлардан бирининг эгаси ҳисобланади. Унга хонадонни сотишганми ёки совға қилишганми, бу - номаълум.

Комплекс GardensResidence номини олган ва у 8 гектар майдонда қад кўтараётган премиум классдаги тўққизта уйдан иборат. Уйларда 44 дан 260 квадрат метргача бўлган 1138 квартиралар бўлади. Уйлар 2019 йил охири ва 2020 йиллар бошида топширилади. Ҳашаматли уйлардаги бир квадрат метр неча пул туриши ҳам номаълум.

Майк Тайсон Ўзбекистонда яшайдими-йўқми, буёғи - қоронғу. Тошкентда пропискага эга бўлиш учун 600 млн сўмлик ($75 минг) мулк сотиб олиниши керак.

Бундан олдин ижтимоий тармоқларда Тайсоннинг сентябрда Тошкентга келиб, профессионал бокс кечасида меҳмон сифатида иштирок этиши тўғрисида хабарлар тарқалганди. Лекин Ўзбекистон Бокс федерацияси бу хабарни ёлғон дея инкор қилди.

Майк Тайсон (52 ёшда) — оғир вазнли боксчилар жангида иштирок этган америкалик профессионал боксчидир. У 1982 йили ёшлар ичида Олимпия чемпиони бўлган. Тайсон оғир вазнли профессионаллар ичида жаҳон чемпиони саналади (1987—1990). У Ислом динига эътиқод қилади, арабча Малик Абдул Азиз исмига эга. Уч марта судланган. Тайсон номи кўпгина жанжалларга ўралашиб қолган – масалан, 1997 йили у ринг майдонида рақиби Эвандер Холифилднинг қулоғини тишлаб олган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги