09:09 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқида танқидларни тўсиб қўйиш учун троллинг билан шуғулланишган

19.09.2018 15:29 msk

Фарғона

Ozodlik.org сайти фотоси
Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий кенгаш ходимаси Гулчеҳра Ашурова 2018 йил 28-30 май кунлари Бўстонлиқ туманидаги семинарда.

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ёш репортёрлар семинари иштирокчиларидан Facebook ижтимоий тармоғида фейк аккаунтлардан туриб ушбу ташкилот ҳақида мақтовли шарҳлар қолдирувчи ҳамда ушбу ташкилот ҳақида танқидий фикрларни билдирган фойдаланувчиларга қарши троллик ҳужумларини уюштириш билан шуғулланувчи гуруҳ тузгани ошкор бўлди. Бу ҳақда “Озодлик” радиоси хабар беради.

Фейсбукда камида 4-5 та профил очиш тўғрисидаги топшириқ Марказий кенгаш ходимаси Гулчеҳра Ашурова томонидан жорий йилнинг 28-30 май кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги медиалагерда ёш репортёрлар учун ўтказилган семинар пайти берилган", дейди Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (НАЭСМИ) қошидаги Ёшлар студиясининг Хоразм вилояти бўйича мухбири ва “Менинг юртим” телеканалининг Хоразмдаги мухбири 23 ёшли Шаҳзод Собиров.

Собировга кўра, Ашурова саволларга жавоб бера туриб қандай қилиб фейк аккаунтларини очиш бўйича йўриқлар берган.

Ёшлар иттифоқи томонидан ташкил қилинган май ойидаги ўша тадбирда турли вилоятлардан йиғилган 150 нафар ёшлар иштирок этган. Бир-биридан мустақил бу иккала ёш ҳам троллар гуруҳи ташкил қилишга оид маълумотни тасдиқлашди. Бир қизнинг айтишича, бу тадбирда 29 май куни Гулчеҳра Ашурова ҳар битта семинар иштирокчиси эрталабгача Фейсбукда ўзининг профилидан ташқари 5тадан аккаунт очиб, ссилкасини е-майл почтасига юборишларини ва яна унинг Фейсбукдаги профилига ўша аккаунтлардан “дўстлик” жўнатишларини айтган. Семинарда иштирок этган ёшларга кўра, ўша куни Гулчеҳра Ашурова сохта аккаунтлар очиш топшириғини беришидан аввал уларга қандай қилиб, Фейсбукда аккаунт очиш тартиб-қоидалари ўргатилган.

Семинар қатнашчилари бўлган ёшлардан олинган маълумотга кўра, Фейсбукдаги сохта аккаунтларни бирлаштириб туриш учун Телеграмда махсус гуруҳ тузилган. “Бу гуруҳ ёпиқ гуруҳ бўлиб, унга фақат ўша семинар иштирокчилари аъзо эди. Гуруҳ “Содиқ ёш репортёрлар” деб номланди. Агар кимдир Фейсбукка бирор пост қўйса, ўша пост линкини Телеграмдаги ўша гуруҳимизга ташларди. Кейин гуруҳ аъзолари ўзининг профили ва яна очган бештадан аккаунтлари орқали кириб, ўша постга лайк босиб, постни поделиться қилишарди. Пост тагига позитив фикрлар билдириб, иттифоқ мақталиши керак эди”, дейди иттифоқ аъзоси бўлган йигит.

“Озодлик” суҳбатдошларига кўра, Фейсбук лентасига фақат Ёшлар Иттифоқи билан боғлиқ постлар қўйилиши таъкидланган. Бироқ "Содиқ ёш репортёрлар” гуруҳида ички низо юзага келганидан кейин у ёпилган.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг маънавият-маърифат ва диний бағрикенглик бўлими бош мутахассиси Гулчеҳра Ашурова ёш репортёрлардан троллар гуруҳи тузилганини инкор қилди. "Уч кунлик семинар жараёнида кунлик мавзулар бўлган бизларда. Жумладан, ижтимоий тармоқда аккаунт очиш масаласи ҳам мавзу сифатида кўрилган", деди у.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги