16:19 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жанубий Корея Тошкентда жамоат транспортини ривожлантирш лойиҳасига грант ажратади

19.09.2018 13:28 msk

Фарғона

Жанубий Корея делегацияси билан музокаралар. Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати
Тошкент ҳокимияти пойтахтда йўловчилар транспортини ривожлантириш стратегиясини жорий этиш учун халқаро компанияни ёллайди. Лойиҳани Жанубий Корея молиялаштиради. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқармасининг раиси Моҳир Валиев 18 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Жанубий Кореянинг “KSP” дастури раҳбари Кюн Сео Парк бошчилигидаги делегация аъзолари билан бўлган учрашувда маълум қилди.

Музокараларда Жанубий Кореянинг “Korea EXIMbank” молиявий гранти ҳисобига жамоат транспорти фаолиятини ривожлантириш, истиқболли лойиҳалар ва ўзаро стратегик ҳамкорликни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. «Бизлар белгиланган ишларни амалга ошириш учун чет эл консультантини жалб қилмоқчимиз, — деди Моҳир Валиев. — Ҳозирда кореяликларнинг EXIMbankи билан махсус лойиҳа тайёрлаяпмиз. Унга кўра, Тошкентда йўловчилар транспортини ривожлантириш учун EXIMbank халқаро малакали компанияни ёллайди».

Шу куни Тошкент ҳокимияти вакиллари ва пойтахт йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари йўл транспорт инфрутузилмалари хавфсизлиги борасида Москва шаҳри тажрибаси билан танишиб чиқдилар. Учрашув Москванинг ташқи иқтисодий ва халқаро алоқалар департаментида бўлиб ўтди, деб хабар берилади Тошкент ҳокимиятининг Facebookдаги саҳифасида.

Ўзбек делегацияси Москва йўл ҳаракатини шакллантириш маркази фаолияти билан танишди. Маълумки, мазкур марказ фаолияти МДҲ давлатлари ичида намуънавий ҳисобланади. Делегация, шунингдек «МосТрансПроект», «Администратор Московского парковочного пространства», «Организатор перевозок», «Мосгортранс» каби ташкилотлар билан ҳам музокаралар олиб боришни режалаштирган.

Бундан ташқари, ўзбек делегацияси машҳур урбанист, Пенсильвания университети профессори Вукан Вучик билан ҳам урашди. Маълумки Вучик мустақил эксперт сифатида Белград, Каракас, Эдмонтон, Лима, Манчестер, Мехико, Неаполь, Нью-Йорк, Перта, Феникс, Рим ва Торонто шаҳарларида транспорт инфратузилмаларини ривожлантириш ишларига катта ҳисса қўшган. У Тошкентда кўчалар, пиёдалар, велосипед йўлакпарини шакллантириш, йўловчилар транспортини ривожлантириш ишларига ҳисса қўшади.

28 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мажлис ўтказиб, унда автомобиль транспорти соҳасида, жумладан Тошкентдаги йўналиш транспортлари бошқармасини кескин танқид остига олди. Президент пойтахт автобуслар паркининг 75 фоиз транспорти яроқсиз ҳолга келгани, бекатларда автобус маршрутлари бўйича электрон таблоларнинг йўқлиги, автобусларда видеокузатув, интернет, мобил дастурларнинг йўқлигига урғу берди.

Президент Тошкентда жамоат транспорти тизимини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқаришга доир топшириқ берди ва пойтахт ҳокимиятида транспорт ва йўл транспорт инфратузилмалари департаментини ташкил этиш тўғрисида фармон чиқарди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги