16:51 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда меҳрибонлик уйларининг уйи йўқ битирувчилари сони аниқланди

19.09.2018 13:26 msk

Фарғона

Xs.uz сайти фотоси
Ўзбекистонда 2013-2017 йилларда меҳрибонлик уйларини тарк этган 663 нафар битирувчилари уйсиз яшамоқда. Бу ҳақда “Народное слово” (“Халқ сўзи”) республика халқ таълими вазирлигига таянган ҳолда хабар беради.

Кўрсатилган давр мобайнида “Меҳрибонлик уй”ларини 1040 киши тамомлаб чиққан. Улардан 528 нафари ўзлари таълим олаётган профессионал коллежларнинг ётоқхоналарида, 120 нафари – қариндошлариникида “уларга бириктириб қўйилган уйларда” яшаяптилар. 2016 йил битирувчилари орасидан 51 кишига хусусий уй берилди. Собиқ “детдомчилар” орасидан уйсиз қолганларнинг энг кўпи Тошкентда (225 киши), Тошкент (81) ва Навоий вилоятида (73 киши).

Статистика кўрсатишича, 2012-2016 йилларда “Меҳрибонлик уйлари” битирувчилари орасидан олти нафари қонунбузарлик қилган, уларнинг аксарияти ўғирлик билан қўлга тушган, 139 нафари ишсиз мақомида, 26 нафари меҳнат мигранти бўлди.

Республиканинг ҳар бир туманида васийлик органлари бўлишига қарамай, улар болалар уйларининг битирувчилари орасидан ёрдамга муҳтож тарбиячиларини ўз вақтида аниқлашга улгурмаяптилар. Шу билан бирга, ижтимоий орган ходимлари сўнгги йил давомида 10 минг нафар ўспириннинг тақдирини ҳал қилишда иштирок этиб, яна 10 минг нафарининг суд мажлисида иштирок этдилар.

Мамлакат бўйлаб болалар уйларини мониторинг қилган Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлари қатор муаммоларни аниқлаб олдилар. Мисол учун, уларга кўра, болаларни асраб олиш процедурасини енгиллаштириш ҳамда адвокатларга судларда болаларнинг манфаатларини бепул ҳимоя қилиш имкониятини беришни кўзда тутувчи қонунчиликка тузатишлар киритиш зарур.

Депутатлар шунингдек, битта тарбияланувчига сарфланадиган харажатларни барча болалар уйларида тенглаштиришни таклиф қилдилар. Мисол учун, пойтахтда битта болага бир кунли харажат 16 минг сўмни, Қашқадарё вилоятида эса 9 минг сўмни ташкил этади.

Депутатларни болалар уйлари бўйлаб мониторинг ўтказишга Марғилондаги №1 Меҳрибонлик уйида содир бўлган ўта ярамас ишларнинг содир этилиши мажбур қилди. Мазкур муассаса раҳбарияти болаларни таҳқирлагани ҳамда давлат маблағларини ўмаргани учун жавобгарликка тортилди.

Таълим вазирлиги маълумотига кўра, бугунги кунда республикада 22 та “Меҳрибонлик уйлари” фаолият юритмоқда, уларда 2,5 минга яқин болалар тарбияланмоқда. “Народное слово” маълумотига кўра, беш йил олдин бундай муассасалар сони 28 та, тарбияланувчилар сони 3,5 минг кишидан иборат эди.

Андижон, Гулистон ва Хивада тажриба сифатида оила даврасидаги болалар шаҳарчалари барпо этилди, уларда жами 292 нафар болалар истиқомат қилмоқда. Алоҳида коттежларда тарбиячилар билан бирга 5-6 тадан болалар яшайдилар, бу болаларга мустақил ҳаётга тезроқ кўникишга имкон беради.

Ўзбекистон Бош прокуратураси маълум қилишича, Марғилондаги №1 “Меҳрибонлик уйи”даги ҳамда Тошкент вилоятининг Оққўрғон №78 мактаб-интернатидаги ҳодисадан сўнг бутун мамлакат бўйлаб барча болалар уйлари ва мактаб-интернатларида кузатув видеокамералари ўрнатилади. Бугунги кунда 402 та видеокамера ўрнатилган бўлиб, уларнинг 43 таси Марғилондаги №1 “Меҳрибонлик уйи”да.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги