20:57 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Тошкент-Нижний Новгород–Тошкент» автобус йўналиши ишга тушди

14.09.2018 15:53 msk

Фарғона

Тошкент – Нижний Новгород автобуси. Nuz.uz сайти фотоси
14 сентябрдан бошлаб “Тошкент - Нижний Новгород - Тошкент” автобус йўналиши бўйича илк автобуслар қат-нови йўлга қўйилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи“ газетаси Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги маълумотига таяниб маълум қилади.

Уушбу йўналишда Ўзбекистон томондан ташувчи “UZKAZ AVTO TRANS” МЧЖ шаклидаги ҚКга қарашли голландиянинг “VANHOLL” русумли автобуслари хизмат кўрсатади.

Россия томонидан эса ташувчи “Панюшкин С.Ю.” ЯТТга қарашли “VANHOLL” русумли автобуслари хизмат кўрсатади.

Йўналиш масофаси 3000 км, қатновга сарфланадиган умумий вақт 61 соат, йўлкира ҳақи ташувчилар томонидан Тошкентдан Нижний Новгородгача - 500 минг сўм ($63 . Нижний Новгороддан Тошкентгача эса – 6 минг рубль ($87) қилиб белгиланди.Қатнов “Ғишт кўприк” (Ўзбекистон), “Жибек Жоли”, “Жайсан” (Козоғистон), “Сагарчин” (Россия) назорат ўтказиш масканлари орқали амалга оширилади.

Айтиш лозим, бу йили Ўзбекистон Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон билан автобус қатновларини йўлга қўйди. Шунингдек, 2018 йил апрель ойидан «Тошкент - Олма-Ота – Тошкент» йўналиши бўйича автобуслар қатнай бошлади.

Аввали, Ўзбекистон ҳукумати четга ишлагани кетаётган фуқаролар учун доимий автобус қатновларини тиклашини, мавжуд поездлар қатновини кўпайтиришини маълум қилганди. Бу қарор Қозоғистоннинг Оқтўбе вилоятида юз берган фожиадан сўнг қабул қилинди. Маълумки, ўшанда автобус ёниб кетиши оқибатида 52 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганди. Тергов ишлари автобус эгасининг йўловчиларни ташиш учун лицензияси бўлмаганини аниқлаган. Автобус 1989 йили ишлаб чиқилган ва охирги марта 2015 йили таъмирланган экан.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги