06:04 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентлик ишбилармон Хоразм шакар заводини сотиб олди

14.09.2018 13:55 msk

Фарғона

Хоразм шакар заводи. Расмий сайт фотоси
Тошкентлик А.Р.Тошев «Хоразм шакар» АЖ ҚК (Хоразм шакар заводи)нинг 2,8 млн акциясини биржа савдоларида сотиб олди. Бу компания низом жамғармасининг 99,43% ташкил этган, деб хабар беради «Тош-кент» Республика фонд биржаси сайти.

Компания 12 сентябрь куни сотиб олинган бўлиб, бу пайт бир дона акциянинг нархи 5 минг сўм ($0,6) миқдорида баҳоланган. Корхонанинг бозор нархи – 14,2 млрд сўмни ($1,8 млн) ташкил этган.

Ўтган йилга қараганда 2018 йили Хоразм шакар заводининг молиявий кўрсатгичлари кескин пасайиб кетган. Жорий йилнинг биринчи ярим йилида корхона 66 млн сўм ($8 тысяч) маҳсулот ишлаб чиқарган, ҳолбуки бу кўрсатгич 2017 йили 465 млрд сўмни ($58,8 млн) ташкил этганди. Заводнинг соф фойдаси 45 млрд ($5,7 млн) дан 1,6 млрд сўмга ($202,5 минг) тушиб қолган.

Ўтган йил ноябрь ойида шакар заводи ўз фаолиятини тўхтатгани ҳақида хабар пайдо бўлганди. Орадан ярим йил ўтиб ҳам корхона ишга тушмаганди. Республикадаги шакар ишлаб чиқарувчи иккинчи завод - «Ангрен шакар» ҳам тўхтаб қолгандан кейин Ўзбекистон Украина ва Россиядан катта миқдорда шакар сотиб ола бошлади. Республика Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-июль ойларида шакар сотиб олиш ўтган йилга қараганда 3000 баробар ошган ва маҳсулот сотиб олиш учун $244 млн йўналтирилган.

Ўзбекистоннинг шакарга бўлган йиллик эҳтиёжи 700 минг тоннани ташкил этади. Шу йилнинг апрель ойида Жиззахда қуриладиган янги шакар заводи келажакда ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжни қоплаши мумкинлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

Хоразм шакар заводи 1998 йили қурилган. Завод дастлаб қанд лавлаги ҳисобига йилига 43,2 минг тонна, ёки кунига 360 тонна шакар ишлаб чиқариши кўзда тутилганди. 2001 йили хориж инвестицияси ҳисобига завод шакар қамишдан маҳсулот ишлаб чиқаришга мослаштириш ишлари бошланди. Кейинги реконструкция ишлари заводнинг йилига 390 минг тонна, кунига 1150 тонна шакар ишлаб чиқариш қувватига чиқарди. Қишлоқ жойида жойлашган мазкур завод 1400 нафар одамни иш билан таъминлаган эди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги