21:14 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Лукашенко Мирзиёевга Минск марказида сарой қуришни таклиф қилди

14.09.2018 13:53 msk

Фарғона

Александр Лукашенко ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан суҳбат чоғида Минскда Мустақиллик саройи ёнида ўзбек миллий услубида элчихона қуришни таклиф қилди. Бу ҳақда Naviny.by хабар беради.

“Агар сиз бу ердаги саройлар қураётгандек ўзбекча услубда чиройли элчихона қуришга қўл урмоқчи бўлсангиз, Мустақиллик саройи рўпарасида энг яхши жойни ажратиб берамиз. Керак бўлса, Европа марказида бир парча ўз ерингизга эга бўласиз ва бутун Европа минтақаси билан ишлашингиз мумкин бўлади”, - дея билдирди Лукашенко.

Мирзиёев Беларусда элчихона очишни анчадан бери орзу қилиб юрганини маълум қилди.

Лукашенко 19 минг кишидан иборат белорус диаспорасини қўллаб келгани учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди ҳамда бу белоруслар Ўзбекистон учун ҳеч қачон муаммо туғдирмаслигига ишонч билдирди. Олий мартабали меҳмон шунингдек, Мирзиёевдан Беларусни “ўзбеклар каби савдо қилишга” ўргатишни сўради.

Мирзиёев ўз навбатида пахтани биргаликда қайта ишлашни ҳамда Европа мамлакатларига олиб чиқишни таклиф қилди. Ўзбекистон президентига кўра, қишлоқ хўжалигида Беларусь-Ўзбекистон ҳамкорлиги учун истиқболлар мавжуд.

“Сизларда қайта ишлаш соҳасида жуда жиддий технологиялар, бизда эса пахта бор. Нега энди пахтани биргаликда қайта ишлаб, Европага олиб чиқа олмаймиз? Бизги нима халақит беряпти? Ҳеч нарса. Бу сизда ҳам бизда ҳам янги ишчи ўринларининг яратилишига имкон беради. Сизнинг технологияларингиз ва бизнинг пахтамиз”, - деди Мирзиёев.

У Ўзбекистонда қишлоқ оғир аҳволда қолганини тан олди, бунинг сабаби эса бозор механизмларининг ҳамон яратилмай қолганида. Президент таъкидлашича, агар шу бугуннинг ўзида бозор механизмлари жорий этилмаса, қишлоқ хўжалигида рентабеллик ва рақобатбардошлик бўлмайди. Мирзиёев ҳамкасбига қўшма кластер тузишни ҳамда “учинчи мамлакатларга чиқишни” таклиф қилди.

Мирзиёев Ўзбекистон ерости қазилмаларига бойлигини ва уларни тўғри тасарруф қилиш зарурлигини таъкидлаб ўтди. У белорус президентига нефть конларини ишлаб чиқариш ишларида иштирок этишни таклиф қилди. Мирзиёев шунингдек, бу ердагиларнинг “белорус талабаларининг” тайёргарлик даражаси юқорилигидан мамнунлиги боис, Ўзбекистонда бир нечта олий таълим муассасаларининг филиалларини очиб беришни илтимос қилди.

Лукашенко Ўзбекистонда советлар давридан қолиб кетган муаммолар анча тўпланиб қолган деган гапларга қўшилди ҳамда бу борадаги ўзининг тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.

“Агар сизга Беларусда бирор нарса ёққан бўлса, бизнинг иқтисодиётларимиз туташиб кетган, ўртамизда рақобат йўқ – биз Ўзбекистонга ишлаб чиқаришларни кўчириб келишимиз, одамларни ўзимиз билган нарсаларга ўргатишимиз мумкин. Тажрибамиз бор. Агар бирор нарса қизиқтирса, марҳамат – биз қилиб беришимиз мумкин”, - дея ишонтирди Беларусь президенти.

Томонлар учрашув якуни бўйича 16 та ҳужжатни имзоладилар, икки мамлакат идоралари ўртасида бир нечта битим тузилди. Уларнинг ичида энг салмоғлиги – 2019-2023 йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро шартнома ва уни амалга ошириш бўйича дастур бўлиб қолди.

Беларусь-Ўзбекистон ишбилармонлик ва минтақавий ҳамкорлик бўйича форумда томонлар умумий қиймати $193,3 млн.га тенг бўлган 82 та экспорт-импорт шартномаси имзоланди. Мисол учун, Минск трактор заводи ва Ўзбекистон ширкатлари 15 млн долларга тенг шартномалар имзоладилар. Форумда Ўзбекистон ва Беларусь ишбилармонлик доираларининг ҳамда икки мамлакат вазирлик ва идораларининг 500 дан зиёд вакиллари иштирок этдилар.

Энг яқин йиллар ичида 20 та инвестициявий лойиҳанинг амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Тошкентнинг Олой бозорида белорус товарлари билан савдо қилувчи дўкон ишлай бошлади, худди шунақа ўзбек товарларининг дўконларини Минскда очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Беларусь президенти алоҳида қайд этишича, агар Ислом Каримов тирик бўлганда, бу ташриф “расмиятчилик” юзасидан амалга оширилган кўринишда бўларди. Лукашенко ва Каримовнинг ўртасидаги муносабатлар таранг эди. Саммитларда одатда улар тўқнаш келиб қолсалар, баҳсга берилиб кетардилар.

Лукашенко Тошкентга расмий ташриф билан 12 сентябрь куни келди. Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг видео-тасвирларидан унинг Тошкент бўйлаб 20 та автомобиль ва кўп сонли мотоциклчилардан иборат кортеж кузатувида юрганини кўриш мумкин. Меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон пойтахтининг қатор кўчаларида ҳаракатлар тўхтатиб қўйилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги