06:02 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда экскаватор ишлаб чиқарувчи белорус-ўзбек корхонаси очилди

14.09.2018 12:31 msk

Фарғона

Янги заводнинг маҳсулоти. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
13 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Александр Лукашенко Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи ҳудудида ташкил этилган «Амкодор-Агротехмаш» қўшма корхонасини очди.

Умумий қиймати 33 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа 2018-2021 йилларга мўлжалланган. Бугун расман ишга тушган биринчи босқичда қурилиш ва қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган 12 турдаги экскаваторлар ишлаб чиқарилади. Маҳаллийлаштириш даражаси 2019 йилда 22 фоизга, 2021 йилда камида 50 фоизга етказилади. Шу куни конвейердан чиққан дастлабки экскаваторлар намойиш этилди.

Мирзиёев маҳсулот турларини кўпайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарурлигини таъкидлади. У Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги техникаларини минтақадаги мамлакатларга етказиб бериш учун қулайлигини қайд этди.

Шу куни икки мамлакат раҳбарлари «Ўзэкспомарказ»да Беларусь Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасига ташриф буюрдилар. Кўргазмада 150 дан ортиқ корхона ўз маҳсулот ва хизматлари билан қатнашди. Улар Беларуснинг қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, металлургия, кимё саноати, маиший техника, озиқ-овқат, тўқимачилик, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳалардаги ютуқларини намойиш этади.

Учрашувлар якунида Мирзиёев Лукашенкога икки мамлакат савдо айланмасини $1 млрд.га етказишни таклиф қилди ва бу белорус раҳбари кутган натижадан икки баробар кўп миқдор эди. «Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо алоқалари кейинги йиллар яхши ривожланиб келаётганига қарамасдан, буни ривожлантиришга имкониятлар кўп. Мен $500 млн.ни орзу қилиб бу ерга келгандим. Бироқ, Мирзиёевнинг бир миллиардга етказиш таклифидан кейин ўйланиб колдим: Яратганга шукр. Агар президент шундай деяётган экан, демак бунга асос бор. Биз бунга тайёрмиз», — деди белорус раҳбари.

Икки мамлакат раҳбари 19 та шартнома имзоланган музокаралардан мамнун бўлиб қолди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги