07:07 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Лукашенко Беларусь ва Ўзбекистондаги режимни «яхши маънодаги диктатура» деб атади

14.09.2018 11:23 msk

Фарғона

Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифи. Беларусь президенти матбуот хизмати фотоси
Беларусь президенти журналистлар олдида чиқиш қилганда ўз мамлакати ва Ўзбекистондаги сиёсий тизимни «яхши маънодаги диктатура» деб атади, дея хабар беради «Gazeta.Uz».

«Натижа — Беларусдаги энг муҳим тушунчалардан биридир. Унинг йўқлиги боис, ҳукуматдаги раҳбарларнинг ярми амалидан маҳрум бўлди. Бизда— Беларусда ҳам, Ўзбекистонда ҳам яхши маънода диктатура мавжуд. Ҳеч ким бировни бекорга қамамайди, деворга тирамайди. Ҳар ким қилмишига яраша жавоб беради. Ҳаммаси очиқ-ойдин ва ошкора. Шунинг учун улар натижа муҳим нарса эканини яхши тушунадилар», — деди Лукашенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан олиб борган музокаралар якунига баҳо бераркан.

Мирзиёев музокаралар учун Лукашенкога ўз миннатдорчилигини изҳор қиларган, суҳбатлар «юзаки» эмас, аниқ натижалар билан ўтганига урғу берди. «Аслида мен меморандумларни ёқтирмайман, мен прагмат одамман. Менга натижа керак. Раҳмат сизга, Александр Григорьевич. У бизнинг анча бойиганимизни гапирди. Мамлакат бой бўлса, демак кўпроқ ҳақ тўлайди. Лекин ҳақ тўланишидан олдин, бизлар келишиб олган корхоналарни ишга туширишимиз лозим», — деди Мирзиёев.

1994 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Беларусь раҳбари Мирзиёевнинг юзаки анжуман ва ноаниқ келишувларни ёқтирмаслигини қўллаб-қувватлади: «Дўстим меморандумларни ёмон кўради, менинг эса уларни кўргани кўзим йўқ. Улар келажакка йўналтирилган ниятларни билдиради, агар аниқ ҳужжат бор бўлса, унда натижа ҳам бўлади». У ўзи билан Ўзбекистонга ташриф буюрган йирик корхоналар раҳбарларини аниқ лойиҳалар билан ортга қайтишга чорлади.«Бу йили ҳар бирингиз Ўзбекистон билан алоқа ўрнатиб, ишлашингиз керак», — деди Лукашенко.

Ташриф натижаларидан мамнун бўлган Беларусь раҳбари бу галги самарали якунларни аввалги Ислом Каримов билан олиб борган «протоколли» музокараларга қиёс қилди. Лукашенко беларусь ишбилармонлари ва ҳукумат аъзоларидан «Ўзбекистонга нима керак бўлса, шуни бажаришни» талаб қилди, зеро «бойиб кетган мамлакат кейинчалик кўпроқ ҳақ тўлашга қодир бўлади».

У Мирзиёевнинг технологиялар нақадар муҳимлигини тушуниши олқишларкан, Ўзбекистондаги ислоҳотларга ўз баҳосини берди: «Мен унга айтдим, биз сизларни катталаштириб кўрсатадиган ойна орқали кузатиб боряпмиз ва эришган ютуқларингиздан ҳурсандмиз. Баракалла. Сизлар чорак аср амалга оширилмаган нарсаларни икки йилда уддаладингиз, дунёга очилдингиз. Йўлингизда асло тўхтамай, олға интилинг! Ўзбеклар - меҳнаткаш ҳалқ. Шундай ишларни амалга оширайликки, токи биздан кейинги авлодлар олдида юзимиз шувут бўлмасин. Гарчи бизлар «қариб қолган» авлод бўлмасакда, «ўтиб бораётган»ларданмиз».

Музокараларда 19 та шартнома имзоланди.

Уларнинг ичида энг муҳими 2019-2023 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик шартномаси ҳисобланади. Томонлар ўзаро савдо айланмасини $1 млрд.га етказишга келишиб олдилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги