06:20 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ҳибсга олинган деярли барча блогерлар озод қилинди

12.09.2018 14:50 msk

Фарғона

Musannif Adham тахаллуси билан Facebookда мақолалар чоп этадиган тошкентлик блогер Адҳам Олимов икки ҳафта ҳибсда ўтирганидан сўнг 11 сентябрь куни озод этилган. Унинг сўзларига кўра, бошқа блогерлар, жумладан андижонлик Отабек Усмонов ва наманганлик Дилшод Ҳалилов ҳам ҳам эркинликка чиққан, деб хабар беради Kun.uz. ВВСнинг ўзбек таҳририяти маълумотларига кўра, пойтахтлик блогер Миразиз Аҳмедов ҳам уйига қайтиб келган.


Мусанниф Адҳам (Адҳам Олимов)нинг Facebook саҳифаси скриншоти.

«Мени 29 август куни кечки пайт уйимдан олиб кетишди. Шундан сўнг 29 августдан 2 сентябрга қадар Тошкент шаҳар ИИББнинг ертўласида бўлдим. Кейинроқ мени у ердан олиб чиқиб, Тошкент шаҳридаги «панелний»да бугунгача сақлашди. Жами 14 кун ўша ерларда бўлдим. Олий судга апелляция юзасидан ариза ёзишган экан, шу сабаб бир кун олдин чиқариб юборишди. Бугун, 11 сентябрь куни соат 20:40да ўз уйимга, оилам бағрига келдим. Айни пайтда кайфиятим яхши. Маъмурий қамоқ бўлгани билан, барибир қамоқ, руҳиятга таъсир ўтказади», – дейди Адҳам Олимов.

Адҳам Олимов ушлаб турилган вақтида ўзига нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан ҳеч қандай жисмоний азоблаш ҳолатлари қўлланилмаганини таъкидлаган.

«Менга нисбатан ҳеч қандай жисмоний томондан тазйиқ ўтказиш ҳолати кузатилмади. Фақат суҳбат жараёнида руҳий босим кузатилди холос. У ерда бўлганимда асосий сўралган саволлар, асосий муаммо, фикримча, Муҳаммад Шакур деган блогер атрофида айланди. «У одамни танийсанми?», «Уни қўллаб-қувватламоқчи эдингми?». Шу каби саволлар. Ҳижоб ва мактаб формаси ҳақида ҳам бир-икки саволлар беришди», - дейди у.

Таъкидлаш жоиз. Ўзбекистонда мактабда ўқийдиган қизларнинг ҳижобда бўлишини тақиқловчи ягона мактаб формасининг жорий этилиши бахс-мунозараларни келтириб чиқарди. Кўпчилик мусулмонлар буни ҳуқуқларининг поймол этилиши, деб қабул қилдилар. Ҳукумат қарорини қўллаб-қувватлаган Юнусобод туманидаги имом-хатиб Раҳматулло Сайфутдинов ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга учради. Имом Facebookда қарши чиққанларни пахта теришга даъват этди. «Далага чиқиб, пахта теришсин. Ўшанда уларнинг давлат учун бирор фойдаси тегади. Теримдан қайтганидан кейин қўлга телефон олиб, ижтимоий тармоқларда шарҳлар ёзишга мажоли бўлмайди», - деган имом маъруза чоғи.

Ўзбекистонда ёппасига блогерларни қамаш ишлари август охири ва сентябрь бошида бошланди. Норасмий маълумотларга кўра, бу пайтда диний-маърифий мавзуларда шарҳлар ёзган камида тўққиз нафар блогер панжара ортига ташланган. Уларнинг орасида – Адҳам Олимов, Зиёдулла Кабиров, Отабек Усмонов, Миразиз Аҳмедов, Хуршидбек Муҳаммад Розиқов, Дилшодбек Ҳалилов, Тўлқин Астанов, Сулаймон Эркин бўлган. Шокир Шариповнинг (Муҳаммад Шакур) ҳибсга олингани хабари тасдиқланмади.

Қамалган блогерлардан биринчи бўлиб Тўлқин Астанов 6 сентябрь куни озодликка чиққан. Қариндошларининг айтишича, Тўлқин 10 кун ҳибсда сақланган. У майда безорилик ва ички ишлар органи ходимларига бўйсунмасликда айбланган.

Ўзбекистондаги кучишлатар орган ходимларининг ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларининг хавотирини уйғотди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) республика ҳукуматини мактабга ҳижобда бориш тақиқлангани, мамлакатнинг собиқ раҳбари Ислом Каримов билан ишлаган амалдорларнинг президент Шавкат Мирзиёев администрациядан ўрин олганлари тўғрисида билдирган фикрлари учун ҳисбга олинган блогерларни озод қилишга чақирган.

Бундан ташқари, CPJ тадқиқоти мустақил журналистлар ўзбекистонликлар учун фикрлар ифодаси майдонига айланган - Facebook ижтимоий тармоғидан кўпроқ фойдаланаётганини кўрсатади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги