07:14 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентдан Самарқандгача пуллик автотрасса қурилади

12.09.2018 12:48 msk

Фарғона

Пуллик автотрасса лойиҳаси муҳокамаси. Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси матбуот хизмати фотоси

Ўзбекистонда Cengiz-Kolin-Kalyon турк компаниялари консорциуми Тошкент - Самарқанд оралиғида биринчи пуллик автотрасса қурилишини режалаштирмоқда. Лойиҳа ишга туширилгандан кейин мазкур йўл икки соат вақт олади. Лойиҳа Инвестициялар бўйича давлат кўмитасида муҳокама қилинди, деб хабар беради ташкилот сайти. Ҳозирда Тошкентдан Самарқандга элтувчи E-123/E-40 ва M-39 трассалари тўрт соатдан кўпроқ вақтни олади.

Қурилиш давлат- хусусий шерикчилик тарзида олиб борилади. Бунга алоқадор вазирлик ва ташкилотларнинг мутахассислари лойиҳа борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирган.

Туркиянинг Cengiz — Kolin — Kalyon консорциуми билан ҳамкорликда давлат - хусусий сектор ҳамкорлиги тамойиллари бўйича автомобиль йўли қурилишига оид инвестиция келишуви турк инвесторлари томонидан тақдим этилган лойиҳалар рўйхатига киритилган ҳамда Ўзбекистонга Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдоғаннинг жорий йил баҳоридаги ташрифи давомида имзоланган. Лойиҳада Автомобиль йўллари давлат қўмитаси миллий ҳамкор сифатида иштирок этади.

Ўзбекистонда анчадан бери пуллик трассалар барпо этиш ҳақида гап боради. Президент Шавкат Мирзиёевнинг июль ойида имзолаган “2018—2019 йиллари инфратузилма лойиҳаларини тадбиқ этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорида GP Günter Papenburg немис компанияси томонидан мавжуд трассаларга нисбатан муқобил авто йўлларини барпо этиш режалари тўғрисида сўз боради. Компания туннел қурилишлари, «Тельтомат» асфальт заводини таъмирлаш ишлари билан ҳам шуғулланади. Мазкур ишлар учун $500 млн миқдорида сармоя жалб қилиш режалаштирилган. Лекин лойиҳанинг амалга оширилиш муддати кўрсатилмаган.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Мирзиёев инвестиция фаолияти учун ер ажратиш ишларини енгиллаштириш тўғрисида қарор имзолади. Унда давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги асносида автойўллар бўйича пулли машиналар тураржойларини барпо этиш, бозор ва савдо мажмуаларига ёндош ерларни хусусий авто тураржойлари учун ижарага бериш тўғрисида сўз юритилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги