06:03 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда икки ойда олтита машина йўқолган

11.09.2018 15:26 msk

Фарғона

Тошкент йўлларидаги текширув. Gazeta.uz сайти фотоси
Тошкент шаҳар Юнусобод туман ички ишлар бошқармасига уйдан машинада чиқиб кетиб, қайтиб келмаган бир одам ҳақида ариза тушган. Бу пойтахтда икки ой ичида машиналар йўқолиши билан боғлиқ олтинчи ҳодисадир, деб ёзади Sof.uz.

ИИВ сайтида хабар берилишича, 9 сентябрь куни Юнусобод туманида истиқомат қиладиган Феруза Исроилова ички ишлар органига ариза бериб, унда 2018 йил 2 сентябрь куни ўғли Боситхўжа Баҳодиров ўзининг Mercedes-Benz (давлат рақами 01 В 808 ВА) русумли машинасида уйдан чиқиб кетиб, қайтиб келмаганини маълум қилган. Ички ишлар вазирлиги одамларга мурожаат қилиб, бу ҳақда бирорта маълумотга эга кимсанинг туман ички ишлар бошқармасига ёки “102” рақамига мурожаат қилишини сўрайди.

Бундан аввал, июль ойида Nexia (давлат рақами 01 534 TTF) русумли хизмат машинасида таксичи Дилмурод Воҳидов йўқолиб қолади. 11 июль куни Яшнаобод туманида 20 ёшли Шаҳзод Абдуллажонов Matiz (01 Р 280 WA) машинаси билан йўқолиб қолган. 13 июль куни пойтахтнинг Учтепа туманида истиқомат қилувчи 22 ёшли Сардор Шербоев Damas (01 А 459 СВ) русумли машинаси билан бедарак йўқолади. Шу туманда яшовчи 36 ёшли Иброҳим Умаров Matiz (10 F 163 LA) машинасини миниб чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. 11 август куни таксичи Додохон Нодиров Nexia (01 456 GEA) русумли хизмат машинасида буюртма орқали Мирзо- Улуғбек туманига кетиб, қайтиб келмаган.

Мазкур воқеалар бир-бири билан боғлиқми, йўқми - бу ҳали номаълум.

Таъкидлаш лозим, 2014 йили Тошкентда автомобилларни ўғирлаш ҳолатлари юз берганди. Маҳаллий халқ бу воқеаларни гаражларнинг ёппасига бузилиши билангина эмас, “оғир бўлмаган” жиноятлар бўйича қамалган шахсларнинг амнистия сабаб эркинликка чиққани билан ҳам боғлаган.

Ўтган йил декабрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2700 нафар маҳбусни афв этди. Президент бундан ҳам кўпроқ инсонларни эркинликка чиқаришга тайёр экани, лекин давлат органлари уларни жамиятга мослаштириш ишларига ҳали тайёр эмаслигини таъқидлаганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги