20:58 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжумани якунланди

11.09.2018 13:21 msk

Фарғона

«Мақом академияси» иштирокчилари. News.tj сайти фотоси
Ўзбекистоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири - Шаҳрисабзда ўтказилган Халқаро мақом санъати анжуманининг Гран-при соврини Тожикистон мақом академиясига насиб этди. Унвон ва дипломлардан ташқари, хонандалар $15 минг миқдорида пул мукофотини қўлга киритдилар, деб хабар беради News.tj.

Озарбайжоннинг “Ҳайрати” жамоаси солисти Нигор Шабанова ва Ўзбекистоннинг “Сақил” ансамбли биринчи ўринга сазовор бўлди.

Туниснинг “Al Gharbi Twins”, Япониянинг “SPCP Japan” жамоалари ва Туркманистон вакили Сухонберди Оразбердиев учинчи ўринга лойиқ, деб топилди. Эроннинг “Настар” ансамбли ва ҳиндистонлик Устад Иқбол Аҳмат Хон иккинчи ўринга муносиб кўрилди.

Ғолиб ва совриндорларга пул мукофотлари, шунингдек, анжуманнинг махсус дипломи ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Бундан ташқари, анжуманда иштирок этган барча хорижий меҳмонларга сувенир ва махсус сертификатлар топширилди.

Шаҳрисабздаги нуфузли анжуманда жами 73 давлатдан 300 га яқин яккахон ижрочи ва мусиқий жамоалар, унинг доирасида ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда 19 давлатдан 30 нафар мусиқашунос олим иштирок этди. Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Форумнинг охирги кунида ўзига хос рекорд ўрнатилди – шаҳарнинг марказий майдонига 250 минг томошабин йиғилди. Ташкилотчилар халқаро фурумни ҳар икки йилда ўтказишни режалаштирмоқдалар.

Маҳаллий ҳокимятга кўра, форум туризм соҳасини ривожлантиришга катта туртки берди: Шаҳрисабзда кўплаб меҳмонхона, ресторанлар қурилди, Тошкентдан Шаҳрисабзга «Афросиёб» тезюрар поездлари қатнай бошлади.

Форум ҳақида ЮНЕСКО департаменти бошлиғи Жоти Хосаграхар Висверварая шундай деди:

– Жаҳон халқларининг тарихий, моддий-маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этишда бундай анжуманларнинг ўрни беқиёсдир. Бизнинг ташкилотимиз фестиваллар тимсолида энг сара маданият намуналарини ҳисобга олиб боради. "Шашмақом" ана шундай энг қадимий ва мўътабар санъат дурдоналаридандир. Икки минг йиллик тарихга эга "Шашмақом" нафақат Ўзбекистонда, балки кўплаб мамлакатларда кенг тарқалган. Шунинг учун ушбу Халқаро мақом фестивали унинг тарихий маданиятни тиклашдаги аҳамиятини янада юксалтирди.

Маълумки, санъатнинг «Шашмақом» тури 2003 йили ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида тан олинган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги