20:55 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек боксчиси Лондоннинг машҳур «Уэмбли» стадионида жангга тушади

10.09.2018 15:39 msk

Фарғона

Оlympic.uz сайти фотоси
Бокс бўйича жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари кумуш медали соҳиби, бугунги кунда профессионал рингда фаолият олиб бораётган чарм қўлқоп устаси Шаҳрам Ғиёсов (4-0-0, 3 КО) фаолиятидаги бешинчи жангни ўтказади ва у 22 сентябрь куни Буюк Британиядаги «Уэмбли» стадионида рингга кўтарилади. Ўша куни унга никарагуалик Хулио Лагуна (14-0-0, 10 КО) рақиблик қилади, деб хабар бе-ради Ўзбекистон Олимпия қўмитаси.

25 ёшли Шаҳрам Ғиёсов 2016 йилги Рио Олимпия ўйинларининг кумуш медали соҳиби, 2017 йили Жаҳон ва Осиё чемпионатининг ғолиби ҳисобланади. Шу йили у “Осиёнинг энг яхши боксчиси” деб тан олинган. Яна бир ўзбек боксчиси Муроджон Аҳмадалиев ҳам ўтган йили профессонал боксга ўтганини маълум қилганди. Лекин 2018 йили 18 февралда «Uzbek Tigers» («Ўзбек йўлбарслари») жамоаси номидан жангга тушган Аҳмадалиев қозоқларнинг «Astana Arlans» клуби аъзоси Асланбек Шимбергеновга ўйинни бой берди.

2018 йил 10 март куни Ғиёсов профессонал рингда ўзининг биринчи жанггини ўтказди ва ўйиннинг саккизинчи сониясидаёқ рақиби аргентиналик Николас Веласкесни (10-2-0, 3 КО) нокаут қилди. 21 апрель куни эса ўзбек боксчиси венгер Габор Горбични (24-10-0, 14 КО) мағлабиятга учратди. 14 июль куни Ғиёсов мексикалик боксчи Даниэл Эчевериюни (19-5-0, 17 КО) биринчи раундаёқ нокаутга учратди. Ўзбек боксчиси охирги курашини ганалик Альберт Менс (31-6-1) билан ўтказди ва учинчи раундда рақибини техник нокаутга учратди.

Шуни таъкидлаш лозим, май ойида Ўзбекистон Олимпия қўмитасининг президенти Умид Аҳмаджонов Гиёсов билан учрашиб, спортчининг профессионал мақомига қарамай 2020 йили Токиода ўтказиладиган Олимпия ўйинларида миллий терма жамоаси номидан иштирок этишини таклиф қилган.

«Уэмбли» стадиони Англиянинг Лондон шаҳрида жойлашган. Арена 2007 йили эски «Уэмбли» стадиони ўрнида очилган. Эски «Уэмбли», шунингдек Empire Stadium номи билан дунёнинг энг нуфузли стадионларидан бири ҳисобланган. «Уэмбли» стадиони 90 минг тамошабинни сиғдира олади ва катталиги бўйича Европадаги икккинчи стадион саналади. Стадионда Англия футбол термаси ўз ўйинларини ўтказади. Шунингдек, бу ерда регби, америка футболи ва бокс мусобақалари ўтказилади. «Уэмбли»да Энтони Жошуа ва Владимир Кличко ўртасида WBA Super, IBF, IBO титуллари учун жанглар ўтказилган. Уни стадион тўла одамлар томоша қилганлар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги