20:57 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида яна иккита автобус йўналиши ишга тушди

10.09.2018 14:42 msk

Фарғона

Uzbekiston.site фотоси
Ўзбекистон ва Тожикистон Денов–Душанбе ва Самарқанд–Панжикент шаҳарлари бўйича автобус йўналишларини очди, деб хабар беради Подробно.uz.

8 сентябрдан Термиз ва Душанбе шаҳарлари бўйлаб автобуслар қатнай бошлади. Шу куннинг ўзида икки мамлакат транспорт ташкилотлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда, жумладан, Тожикистондан Денов ва Самарқанд бўйлаб автобус қатновларини очиш масаласи муҳокама қилинди.

«Термиз–Душанбе» халқаро автобус йўналишининг масофаси 251 километрни ташкил этади. Йўлга умумий ҳисобда 5 соат 39 дақиқа кетади. Термиздан Душанбегача йўлкира ҳақи – 70 минг сўмни ($8,9) ташкил этади.

Денов ва Душанбе йўналишига келсак, бу ерда масофа 107 километрни ташкил этиб, йўлга 2 соат 25 дақиқа сарфланади. Бу йўналиш бўйича йўлкира ҳақи – 40 минг сўмдан ($5,1) иборат.

«Самарқанд–Панжикент» маршрути 64 километрдан иборат бўлиб, автобус бу масофани 1 соат 25 дақиқада босиб ўтади ва йўловчилар – 20 минг сўм ($2,5) чипта ҳақи тўлайдилар.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги автобус алоқалари 1990 йиллари тўхтаб қолган эди. Вазият 2016 йилдан сўнг, яъни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга президент бўлиб сайланганидан кейин ижобий томонга ўзгара бошлади. 2018 йил бошида икки давлат раҳбарияти 12 та йўналиш бўйича, жумладан Душанбе - Термиз ва Хўжанд - Тошкент бўйича автобус қатновларини тиклашга келишиб олдилар. Тошкент-Хўжанд-Тошкент автобуслари май ойида қатнай бошлади. Кейинчалик Тожикистоннинг Ўзбекистондан кириб келаётган барча енгил автомобил ва автобуслар учун транзит тўловини бекор қилгани маълум бўлди.

2017-2018 йиллари Тошкент ва Душанбе ўртасида авиапарвозлар тикланди. Парвозлар 1990 йиллари Тожикистонда юз берган фуқаролар уруши туфайли тўхтатиб қўйилганди. 2011 йили икки мамлакат раҳбарияти ўртасидаги мураккаб алоқалар туфайли темир йўл қатнови ҳам тўхтатилади. Ҳозирда эса ўзбекистонликлар Ўзбекистон ҳудудини кесиб ўтаётган тожик поездларига Самарқанд, Қарши ва Термиз станцияларида ўтириб, Россия ёки Тожикистон томонга отланишлари мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги