20:58 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг энг кучли теннисчиси АҚШдаги турнирда ғалаба қозонди

10.09.2018 14:01 msk

Фарғона

Денис Истомин. Оlympic.uz сайти фотоси
Ўзбекистоннинг биринчи ракеткачиси Денис Истомин (ATP рейтингида 76 -ўринда) Чикаго (АҚШ)даги “челленжер” турнирида ғо-либликни қўлга киритди. Финалда Истомин америкалик Реилли Опелка (173) ни мағлубиятга учратди, деб хабар беради Tennisexplorer.

Ҳал қилувчи ўйин 6:4, 6:2 ҳисобида ўзбекистонлик фойдасига ҳал бўлди. Ўйин 1 соату 8 дақиқа давом этди. Истомин учта брейк-поинтни амалга оширди, битта эйс ва битта иккиталик ҳатога йўл қўйди. 21 ёшли Опелка эса 13 эйс ва учта иккиталик ҳато қилди.

Финал йўлида Истомин сальвадорлик теннисчи Марсело Аревало (146), бельгиялик Рубен Бемельманс (128), ҳамда америкалик Томми Пол (370) ва Бьорн Франтанжело (175) устидан ғалаба қозонди.

Бу Истоминнинг “челленжер” турнирларида қўлга киритган ўн биринчи ғалабасидир. Ўзбекистонлик спортчи $21,6 минг соврин ва 125 рейтинг очкосини қўлга киритди.

Шунингдек, Чикагода теннисчилар жуфтлиги ўртасида ҳам мусобақалар ўтказилди. Унда британиялик дуэт Люк Бэмбридж/Кен Скупски ғалаба қозонди. Аёллар ўртасидаги ёлғиз турнирда хорватиялик аёл Петра Мартич етакчилик қилди. Аёллар жуфтлигида Мона Бартель (Германия)/Каролина Плишкова (Чехия)лар пешқадамлик қилдилар.

Чикагодаги «Челленжер» сериясидаги турнир жорий йилнинг июль ойида йил календарига қўшилган эди. Мусобақалар ташкилотчиси, Oracle компанияси директори Марк Херднинг сўзларига кўра, янги турнир америкаликларнинг ўз уйида кўпроқ ўйнашлари мақсадида ташкил этилган. Аёл ва эркаклар ўйинларидаги ғолибларга белгиланган мукофот пули — $150 мингни ташкил этади.

Бундан олдин Денис Истомин Индонезияда ўтказилган 2018 йил Осиё ўйинларида теннис бўйича олтин медални қўлга киритганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги