21:19 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда зўравонликка учраган аёлларга кўмак берувчи «ишонч телефонлари» ишга туширилди

10.09.2018 12:06 msk

Фарғона

Танзила Нарбаева. Хabar.uz сайти фотоси
«Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси 1146 - ягона телефон рақамларини ишга туширди. «Ишонч телефон»лари зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва қизларга оғир вазиятдан чиқишларига ёрдам бериб, руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак беради», - деб ёзади кўмита раиси ва Бош вазир ўрин-босари Танзила Нарбаева ўзининг Facebook саҳифасида.

«Одатда бизда аёллар бундай ҳолатга дуч келган тақдирда, ҳатто яқинларига ҳам айтишмайди, қўрқишади ёки истиҳола қилишади. Аммо буни ўзгартириш вақти келди. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда ҳар учинчи аёл (35%) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келар экан. Бу бутун жаҳонда мавжуд бўлган ўта долзарб муаммолигини исботловчи статистик маълумотлардир. Зўравонлик иллати ҳақида узоқ вақт мамлакатимизда ҳеч нима дейилмади ва бугун бу тўғрисида очиқ гапирилмоқда», — дейди Нарбаева.

Нарбаева нафақат зўравонликка учраган аёлларни, балки бундай ҳолатга дуч келган аёлларни биладиган одамларни ҳам мазкур хизматдан фойдаланишга чақиради. Қўнғироқ қилганларнинг исми ва мурожаати сир сақланади. Зарур ҳолларда, жабрдийда аёллар республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган Ижтимоий мослашув марказларига (шелтерларга) жойлаштирилади.

Бугун Ўзбекистонда мазкур муаммо билан курашишнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида “Маиший зўравонликнинг олдини олиш ҳақидаги” Қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Нарбаева бу ҳақда июль ойида миграция туфайли вақтинча ёлғиз қолган болаларни ҳимоя қилиш лойиҳасининг тақдимотида гапириб ўтганди.

Ўзбекистонда авваллари маиший зўравонлик ҳодисаларини мониторинг қилиш ишлари олиб борилмаган, унинг механизмлари ишлаб чиқилмаганди. Human Rights Watch халқаро ташкилоти Ислом Каримов даврида аёлларнинг қуллик ҳолатини исботларчи далилларни келтиргани учун ҳам ташкилот республикадан бадарға қилинганди. 2016 йили Бош вазирининг ўринбосари этиб тайинланган аёллар қўмитаси раҳбари зўравонлик борасида ички муаммолар ҳисоботига эмас, халқаро статистикага таяниб гапиради.

Нарбаеванинг сўзларига кўра, зўравонлик муаммоси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг диққат марказида турибди ва июль ойида имзоланган зўравонлик ва суицид қурбонларини реабилитация қилиш тўғрисидаги фармон дастлабки қадамлардан биридир.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги