20:56 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Муаммолар юзасидан президентга мурожаат қилишга даъват қилган имом ишдан олинди

10.09.2018 11:23 msk

Фарғона

Фазлиддин Парпиев. Facebookдаги саҳифаси фотосурати
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги «Омина» жоме масжиди имом-хатиби Фазлиддин Пардаев рўмол ва соқол борасида мусулмонларга бўлаётган тайзиқларни қоралагани учун 8 сентябрь вазифасидан бўшатилган, деб хабар беради Eltuz.com сайти.

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг 675-буйруғига кўра, имом вазифасидан бўшатилган. Ҳужжатга кўра, имом «Одоб комиссияси»нинг йиғилиш мажлиси қарорига асосан бўшатилган.

Расмий буйруқда имомни ишдан олишга Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми тўртинчи банди, яъни «ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши» асос қилиб кўрсатилади. Ҳужжат Ўзбекистон муфтийси Усмон Алиев томонидан имзоланган.

Жума намозига келган жамоат қаршисида гапирган Фазлиддин Шаҳобиддин ўғли мусулмонларни ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун мавжуд қонунлар доирасида ҳаракат қилиш, жанжал ва тўполон қилмасликка даъват этган. У мусулмонларни портал орқали Президентга мурожаат қилишга чақирган.

Жума маърузасидан олдин Парпиев қариндошлари ва журналистларга Ўзбекистондаги диний сиёсатни танқид қилмоқчи бўлганини айтган. Фазлиддин Парпиевнинг Facebookдаги саҳифаси бироз вақт ўтгандан кейин ўчирилган. 9 сентябрь куни имом ўз ишидан кетгани туфайли одамлардан бу мавзуда саволлар бермасликни сўраган.

Асли андижонлик 32 ёшли Фазлиддин Парпиев 2005-2011 йилларда Мадина шаҳридаги Ислом университети, 2012-2016 йилларда эса Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида таҳсил олган.

Имомнинг мазкур маърузасидан бироз аввал айнан шу муаммоларни муҳокама қилган тўққиз нафар диний фаол ва блогерлар ҳибсга олинганлар. Халқаро журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини блогерларни озод қилишга чақиради.

2009 йили Андижонда рўй берган портлашишдан кейин ҳижобга қарши ҳаракатлар фаоллашган. Жамоат жойларида диний либосларга бурканиб олганлик учун жарима ва маъмурий ҳибс кўзда тутилган.

Эркакларнинг соқол қўйиши ва аёлларнинг ҳижобда бўлишини ёқлаб дастлабки репрессияга учраган имомлардан бири - тошкентлик имом Обидхон Назаровдир. У яқинда ИИВнинг қидирувдагилар рўйхатидан ўчирилди. У Тошкентнинг «Тўхтабой» масжидининг имом-хатиби бўлган ва 90-йиллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлигига лойиқ номзодлардан бири бўлган. 1996 йили Назаровни ишдан бўшатадилар ва ноқонуний уйга эгалик қилганликда айблайдилар. 1998 йили имом Қозоғистонга кўчиб кетади ва 2006 йили Швециядан сиёсий бошпана олади. 2012 йили Назаров ҳаётига суиқасд уюштирилади, лекин у тирик қолади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги