20:57 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда қатор таниқли қўшиқчиларнинг видеоклиплари тақиқлаб қўйилди

09.09.2018 13:39 msk

Фарғона

Муниса Ризаева. Protoday.uz сайти фотоси
“Ўзбекконцерт” қошидаги бадиий кенгаши 18 нафар таниқли хонандалар томонидан тақдим этилган видеоклиплар кўриб чиқиб, уларнинг айримларини ТВ орқали намойиш қилинишини тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда “Ўзбекконцерт” расмий сайти маълум қилмоқда.

     Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Милена Халилова ижро этган “Оққушлар”, “Ниҳол” мукофоти совриндори Ахмедова Шахризода (Каниза) ижро этган “Ўзбекистон”, хонанда Отабек Муҳаммадзоҳид ижро этган “Сенсиз”, хонанда Муниса Ризаева ижро этган “Айбим севганим”, хонанда Алижон Исоқов ижро этган “Тошкент кўчаси”, хонанда Шахрибону Ахтамова ижро этган “Бахтим”, хонанда Жавлон Олимов ижро этган “Алдадими”, Пойтахт гуруҳининг “Нола”, хонанда Санжар Усмонов ижро этган “Моҳинурим”, хонанда Зафар Қурбонбоев ижро этган “Санамжон”, “Гал гал” ҳамда хонанда Бехруз Тохиров ижро этган “Эй ёр” қўшиқларига тасвирга олинган видеоклипларга Кенгаш аъзолари томонидан билдирилган баъзи жузъий камчиликларни бартараф этиш хонандаларнинг ўзларига ва клипмейкерларига тушунтирилиб, баъзи кадрлардан воз кечиш, тўғрилаш шарти билан истисно тариқасида рухсат берилди.

         “Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура Юлдашева ижро этган “Адашдим” қўшиғининг клипдаги айрим тасвирларни тўғрилаш кераклиги тушунтирилиб, ушбу клипни эфирга узатиш рад этилди. Камчиликларни бартараф этгандан сўнг қайта топшириш мумкинлиги тавсия этилди.

         Хонанда Бахриддин Зухриддинов ижро этган “Дилозорим” қўшиғига ишланган видеоклип мазмуни билан қўшиқ мазмунида уйғунлик йўқлиги, клипдаги охирги қисмидаги диалоглар қўшиққа мос эмаслиги таъкидланиб, рад этилди.          Хонанда Самаджон Рузметов ижро этган “Кел эй” қўшиғига ишланган видеоклип мазмуни билан қўшиқ мазмунида уйғунлик йўқлиги, клипдаги диалоглар тушунарсизлиги ҳамда қўшиқ матни саёзлиги боис рад этилди. Отабек Муталхўжаев ижро этган “Айт тун” қўшиғи матнини профессионал шоирга кўрсатиб қайта ижро этишини ҳамда клипдаги тасвирларидаги камчиликлар хонанда ва клипмейкерга тушунтирилди. Кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб Кенгашга қайта тақдим этилиши таъкидланди.

Олдинроқ, жорий йилнинг май ойида ТВ орқали “ВИА Мароқанд” ролигини намойиш этиш тақиқланганди. Шунингдек, “Ўзбекконцерт” қошидаги бадиий кенгаши томонидан қатор таниқли маҳаллий ҳонандаларнинг видеоклиплари ТВ орқали намойиши тақиқланган эди. Бундан ташқари, “Ўзбекконцерт” биносида ўтган “Ёшларнинг маънавий тарбияси ва артистлар ахлоқида миллий эстрада роли”га бағишланган йиғилишга келмагани учун тўрт нафар хонанда лицензиядан маҳрум қилинганди. Бадиий кенгаш июлда кўриб чиқилган саккизта клипдан учтасини тақиқлаб қўйган.

Ўтган йилнинг июль ойидан Ўзбекистонда хонандаларга ижтимоий тармоқларда ўз ихтиёрича видеоклипларни жойлаштириш тақиқлаб қўйилган. Бунинг учун улар “Ўзбекконцерт” қошидаги бадиий кенгашидан рухсат олишлари керак бўлади.


«Ўзбекконцерт» экспертлари. Расмий сайт фотоси

2018 йил февралидан бошлаб ўзбек хонандаларига миллий менталитетига ҳамда умуминсоний қадриятларга зид келадиган ҳар бир нарсани видеоклипларда намойиш этиш тақиқланган. 

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги