21:21 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Йил бошидан бери бир миллионга яқин ўзбекистонлик Россияга ишлагани келган

09.09.2018 13:26 msk

Фарғона

Россия ИИВдаги учрашув. мвд.рф сайти фотоси
2018 йил бошидан бери бир миллонга яқин ўзбекистонлик мигрантлар Россияга пул ишлагани келдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Меҳнат вазири Шерзод Қудбиев Москвада Россия ИИВ вакиллари билан учрашув давомида маълум қилди.

Шерзод Кудбиев меҳнат мигрантларининг сони кўплигини инобатга олган ҳолда миграция соҳасидаги қонунчилик ва халқаро мажбуриятларга мувофиқ икки давлатнинг самарали ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга умид билдирди.

Қудбиев икки мамлакат миграция соҳасидаги қонунчиликни тобора ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича ишларни кучайтириш лозимлигини қўшиб қўйган.

РФ ички ишлар вазирнинг биринчи ўринбосари хорижий фуқароларни ишга жойлаштиришда патент олиш учун керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ маъмурий тўсиқларни камайтириш мақсадида Россия томони ҳамкорлик қилишга тайёрлигини алоҳида қайд этди. “Ўтган 2017 йил ишчиларни ташкиллаштирилган тартибда қабул қилиш ҳақида ҳукуматлараро келишув имзолангани ва кучга киргани билан аҳамиятли бўлди. Россиялик иш берувчилар талабига жавоб берувчи ва ўз давлатида иммиграция олди тайёргарлигидан ўтган малакали хориж мутахассисларини Россия ҳудудида меҳнат фаолиятига жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси қатори Россия Федерацияси учун ҳам манфаатлидир”, - дея таъкидлади Александр Горовой.

Чет элда пул ишлаш истаганларни ташкиллаштирилган тартибда жалб этишни амалга ошираётган   Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мигрантлар томонидан кўп маротаба ёлғон маълумот тақдим этиш, ўз мамлакати фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қила олмасликда айбланиб келган. Мисол учун, июнь ойида бегона юртда пулсиз, ишсиз ва паспортсиз қолиб кетган бир гуруҳ хоразмликлар агентлик устидан шикоят қилишганди. Ўшанда агентлик барча айбни ишчиларнинг ўзига юклаб, улар ўзбошимчалик билан иш жойини ташлаб, иш берувчига моддий зиён етказдилар деб билдирганди. Мигрантларнинг ташкиллаштирилган тартибда жалб этиш билан батафсил “Фарғона”  агентлигининг “Тракторчи чеварга айланди. Ўзбекистонда Россияга мигрантларнинг ташкиллаштирилган тартибда жалб этиш қандай кечмоқда” деб аталувчи мақолаларда ўқишингиз мумкин.

Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олиш процедураси осон иш эмас. Мисол учун, Санкт-Петербургда ички ишлар органлари ходимлари патентни расмийлаштираётганда меҳнат мигрантларидан Россияга қандай етиб келгани тўғрисида батафсил тилхат ёзиб беришни таклиф қилмоқдалар. Юрист Валентина Чупикнинг сўзоарига кўра, ушбу “ҳужжат” қонуннинг бузилиши бўлиб, мигрантларни қўрқитиш ва таҳқирлашнинг бир усулига айланган.

РФ бош вазирининг ўринбосари Татьяна Голикова 2019 йил 7 сентябрь бошлаб Россиядаги қурилишларда ишлашни хоҳловчи чет эллик фуқаролари учун илк бор квота киритилишини эълон қилди. Уларнинг сони қурилишларда машғул бўлган барча одамларнинг 80 фоизидан ошмаслиги лозим бўлади.

Расмий маълумотларга кўра, 2017 йилда Россияда миграция бўйича рўйхатдан жами 4.082.377 нафар Ўзбекистон фуқаролари ўтган, уларнинг 1.822.933 киши мамлакатга ишлаш мақсадида келганларини кўрсатганлар. Шу билан бирга, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, ўтган йил Россияга ташкиллаштирилган тартибда 922 киши, 2018 йилнинг биринчи ярмида – 513 киши жўнатилган, йил охиригача, уларнинг сонини 50 мингача еткашмоқчи.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги