21:02 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бухоро вилоятида милиция ходимларини одам ўлдиришда айбламоқдалар

07.09.2018 14:36 msk

Фарғона

Шуҳрат Сирожев. «Озодлик» сайти фотоси
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги Сариосиё қишлоғида истиқомат қилувчи Сирожевлар оиласи милиционерларни уларнинг 35 ёшли ўғли Шуҳрат Сирожевни калтаклаб ўлдирганликда айблайди. Бу ҳақда “Озо-длик” радиоси хабар беради.

Воқеа 16 авнуст куни содир бўлган. Шуҳрат Сирожевнинг жияни Қуддуз Ражабовнинг айтишича, улар соат кечки ўн бирларда машинада пиво ичиб ўтирганларида милиция ходимлари келиб, ҳеч бир сабабсиз Шуҳратни зўрлик билан машинадан чиқарадилар.

-“Нима қилаяпсиз”, деб биттасини ушлагандим, у қўлимни қайириб синдирди. Ўтган куни гипсини очдим қўлимни, рентген қоғозлари турибди. Улар тоғамни машинага босиб олиб кетди. Кейин оперативний группа чақирган, улар тоғамни урган. Тоғамни ўлдириб, кейин больницага олиб боришган, - деган Қуддуз Ражабов “Озодлик” билан суҳбатда.

Тунги соат 2 да милиционерлар Сирожевлар уйига келиб, Шуҳратнинг отасига ўғли оғир аҳволда экани, унинг бирга боришини сўрайдилар. Лекин оила бошлиғи касалхонага эмас, Шуҳрат ўлиб ётган моргга олиб боришади.

- Моргда ўғлимнинг қонларини артилган, ётқизиб қўйишган, жони чиққан, ўлик ҳолатда эди. Лат еган, шилинган жойлари бор эди. Менга “5 киши бу ишни қилган” деяпти. Лекин 7 киши қатнашган бу ишда. Икки киши олиб кетган. Оператив группада 5 киши келган. Булар икки кишини яшириб ўтирибди. Етти киши уриб, оғир аҳволга солганидан кейин “Тез ёрдам”га олиб борган, - дейди Раҳмон Сирожев.

Ўлган йигитнинг онаси Муяссар Сирожеванинг таъкидлашича, милиционерлар йигитни Вобкент четидаги бир бўш уйга олиб боришиб, калтаклашган. Бунга кечки суғориш ишлари билан шуғулланаётган одамлар гувоҳ бўлганлар.

Раҳмон Сирожев милиция ходимлари бу ишни “бости-бости” қилишмаса деб хавотирга тушади, чунки одам ўлдирилганига қарамасдан, айбдорлар очиқда, ўз ишларини давом эттирмоқдалар.

Ўзбекистон Бош прокуратураси мулозимининг «Озодлик»га айтишича, Шуҳрат Сирожев ўлими юзасидан 18 август куни Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ) 1-қисми бўйича жиноят иши очилган. Ҳозирда Бухоро вилояти прокуратураси тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Сирожевларнинг ўғли ўлимига сабабчи бўлган милиция ходимларининг очиқда юргани борасидаги даъвосига Бош прокуратура мулозими қуйидагича жавоб берган:

“Биринчидан, жиноят иши шахсга эмас, фактга нисбатан қўзғатилган, милиция ходимларининг айби бор ёки йўқлигини тергов йўли билан текшириш керак! Иккинчидан, тергов қилиш жараёнида фақат қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилади деган талаб йўқ! Ишда экспертиза йўли билан текшириладиган ҳолатлар бор”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 30 ноябрда қийноқ ва ноқонуний йўллар билан олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишни тақиқловчи фармонни имзолаган эди.

Мазкур фармонда рухсат берилмаган услублар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар прокуратура органлари ёки суд томонидан белгиланган тартибда тиббий экспертиза ўтказиш орқали мажбурий текширилиши шарт қилиб белгиланган. 2018 йил апрель ойида Ўзбекистон Жиноят кодексига қийноқ усулларини қўллаганларга қарши жазонинг кучайтириши борасида ўзгартиришлар киритилди. Кўзга ташланмайдиган қийноқлар қўллаганлик учун уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум этиш жазолари қўлланилади. Аввали бунинг учун уч йилдан ошиқ қамоқ жазоси қўлланилмасди. Тана жароҳатларини келтириб чиқарган қийноқлар қўллаганлик учун эндиликда етти йилдан ўн йилгача қамоқ жазоси берилади. Аввали жазо саккиз йил озодликдан маҳрум этишдан ошмаган. Бундан ташқари, янги ўзгартиришлар шахсни маълум ҳуқуқдан маҳрум этиш чорасини ҳам кўзда тутади. Яъни одамларни қийноққа солиш оқибатида жазоланган ходим ҳуқуқ-тартибот органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин.

Бироқ, Ўзбекистонда милиция ходимлари томонидан қўлга олинганларга нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари тез-тез кузатилади. Бу эса республика Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг милиция органини халқпарвар, одамлар ишончини оқлайдиган ташкилотга айлантириши тўғрисидаги ваъдаларини шубҳа остида қолдиради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги