06:01 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг барча олий таълим муассасаларига масофали ўқитишга рухсат берилди

07.09.2018 13:16 msk

Фарғона

Бизнес ва бошқарув руспублика олий мактаби. Sputniknews-uz.com сайти фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев республиканинг барча олий таълим муассасаларига онлайн режимида масофали ўқитишга рухсат берди. Президентнинг 2018 йил 5 сен-тябрда қабул қилинган “Корпоратив, лойиҳа бошқаруви ва давлат харидлари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори-да шу ҳақда сўз юритилади.

Олий таълим муассасаларига, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муассасаларига, уларнинг мулкчилик шакли ва бўйсунувидан қатъи назар, масофавий ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқи берилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2018 йилнинг 1 октябрига қадар мазкур муассасаларда масофавий ўқитишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Шунингдек, қарорда Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг номи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби деб ўзгартирилди. Муассаса анъанавий ва масофали ўқитиш технологиялари ёрдамида ўз фаолиятини шакллантиради.

Бундан ташқари, президент Бизнес ва бошқарув олий мактабига дастурлар бўйича ўқиш учун номзодларни танлаб олиш мезонларини белгилаш, профессор-ўқитувчилари фаолиятининг турлари бўйича вақт меъёрларини, шунингдек, улар учун чекланган ўқув юкламасини белгилаш, олий мактабнинг тузилмаси, штатлар жадвали, ходимлари ва жалб этиладиган консультантлар (экспертлар) меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдори ва тизимини белгилаш, лойиҳа ва корпоратив бошқарув, баҳолаш ва харид фаолиятида, лойиҳавий молиялаштириш, стратегик ва молиявий менежмент соҳасидаги давлат таълим стандартлари, шу жумладан, ўқув юкламаси ҳажмлари, малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини тасдиқлаш ҳуқуқини берди.

Бизнес ва бошқарув олий мактаби магистратурага ўқишга қабул қилиш квоталарини белгилаш, кириш имтиҳонларини ўтказиш шакллари, фанлар, дастурлар, натижаларни баҳолаш мезонлари рўйхатини тасдиқлаш ишларини амалга оширади.

Бунга қадар Ўзбекистонда санъатшунослик, инеженерлик соҳаси, ишлаб чиқариш технологиялари, компьютер технологиялари, информатика, алоқа, телекоммуникация технологиялари бўйича масофали ўқитиш ҳақида гап борганди, ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун 15 та олий таълим муассасаларида сиртқи ўқув бўлимлари очилди. Ўзбекистонда масофали ўқитиш амалиёти илк бор Сурхондарёнинг Термиз ва Денов шаҳарлари университетларида тажрибадан ўтказилганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги