06:03 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Аргентиналик мураббий раҳбарлиги остида ўтказилган биринчи ўйин дуранг натижа билан тугади

07.09.2018 10:20 msk

Фарғона

Championat.asia сайти фотоси
Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда Сурия миллий терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказди. Учрашув 1:1 натижа билан тугади, дея хабар беради Championat-Asia.

Ўзбекистон терма жамоаси аргентиналик мутахассис Эктор Купер раҳбарлиги остида биринчи ўйинни ўтказди. Унга ўтган йили кузда ўзбекистонликларни Жаҳон чемпионатига йўлини тўсган сурияликлар рақиблик қилдилар. Ўшанда Сурия нейтрал майдонда Ўзбекистонни 1:0 ҳисоб билан ютганди.

Жорий йилда илк бор терма жамоа сафига асосий ўқинчилар таклиф этилди. Олдинроқ миллий жамоага Осиё ўйинларига тайёрланаётган ёшлар терма жамоасининг аъзолари таклиф қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Тимур Кападзе ва мураббийлар кенгаши раҳбарлиги остидаги ёшлар терма жамоаси тўртта ўртоқлик учрашуви ўтказган, Сенегал билан дурранг ўйнаб, Марокаш, Эрон ва Уругвайга ютқизганди.

Эктор Купер ветеранларни синаб кўрмоқчи бўлди. Майдонга биринчи дақиқалардан бошлаб Марат Бикмаев, Анзур Исмаилов, Егор Кримец ҳамда терма жамоа сафида юзинчи ўйинни ўтказаётган Игнатий Нестеров ҳамда бошқа футболчилар чиқишди. Одил Аҳмедов захирадаги ўйинчилар ўриндиғида ўтириб, майдонга чиқмади. Сурия терма жамоасининг ўтган йили Осиёдаги энг яхши футболчиси деб танилган Умар Ҳарбин ҳам ўйинда иштирок этмади.

Ўйин икки томонлама ҳужумкорлик руҳида ўтди. Бироқ сурияликлар кўпроқ тўпга эгалик қилдилар ва ўйин боришини назорат остига олдилар. Ўзбекистонликлар тезкор ҳужумлар ўтказишга уриниб, кўпроқ прессинг ўтказардилар. Уларнинг ўйинларида ноаниқликлар кўп бўлди, биргаликда ўйин амалиёти йўқлиги сезилиб турарди. Гол уришга имкониятлар кўп бўлганига қарамай, биринчи таймда ҳисоб очилмади.

Иккинчи тайм давомида ҳужумкор футбол давом этди. Жамоалар ҳужумга интилишар ва кўплаб ҳужумларни ўтказардилар. Ўзбекистон қанотлардан кўп фойдалангани боис 16 марта бурчакдан тўп тепди. Сурияликлар комбинацион ўйин ўтказишга уринардилар. Ўйин тугашига ярим соат қолганда туркманистонлик ҳакам Чормурод Қурбанов меҳмонлар дарвозасига пенальти белгилади, Бикмаев ҳисобни очди. Бироқ ўн беш дақиқа ўтиб Умар Али Сома ҳисобни тенглаштирди. Ўйин тугашига саноқли сониялар қолганда Сардор Мирзаев қулай имкониятдан туриб дарвозани ишғол эта олмади.

Эктор Купер Ўзбекистон терма жамоасини август ойидан бери бошқариб келмоқда. Олдинроқ у Грузия терма жамоасини бошқариб, 2008-2009 йиллар натижаларига кўра ушбу терма жамоани бошқарган энг ёмон мутахассис номини олди. Купер бошчилигида грузинлар расмий учрашувларнинг бирортасида ғалаба қозона олмадилар. 2015 йилда Купер Миср жамоасини бошқарди ва Африка Кубогининг финалигача етиб борди ва жамоани 2018 йил Жаҳон чемпионатига олиб чиқди. Унда мисрликлар учта ўйин ўтказиб, ҳаммасида мағлубиятга учрадилар. Купернинг Ўзбекистонда оладиган маоши маҳфий тутилмоқда, бироқ Мисрда аргентиналик йилига 1,5 млн евро ишлаган.

Ўзбекистон кейинги ўртоқлик учрашувини 11 сентябрь куни Эронга қарши ўтказади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги