06:04 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

GM Uzbekistan” АЖ мижозлар истакларига кўра «Спарк» автомобилини ишлаб чиқариш ҳажмини оширади

07.09.2018 10:18 msk

Фарғона

Spark автомобили. GMUzbekistan.uz сайти фотоси
«GM Uzbekistan» АЖ мижозлар истакларини инобатга олиб механика узатмали «Спарк» автомобилини ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқда. Бу ҳақда автокорхона матбуот хизмати маълум қилади.

Ушбу моделнинг ишлаб чиқариш ҳажми уч баробарига оширилади. “Аввалроқ «GM Uzbekistan» АЖ ишлаб чиқарилаётган автомобиллар савдоси қайта йўлга қўйилиши билан харидорлар томонидан келиб тушаётган аризалар инобатга олиниб, компания томонидан бозор талабларини қондириш мақсадида талабгир автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми оширилишини маълум қилганди. Мижозлар истаги ва бозорнинг ижобий тенденцияларини инобатга олиб, биз механика узатмали «Спарк» автомобили ишлаб чиқариш ҳажмини 6223 дан 19993 донагача оширяпмиз. Компания харидорларнинг талабларини қондириш ва барча ариза ва таклифларга ижобий жавоб бериш, шунингдек қулай шартнома тузиш учун барча шароитларни яратиш учун барча зарурий чораларни амалга оширади”, - дейилади матбуот хизмати хабарномасида.

Олдинроқ автокомпания Nexia ва Chevrolet Malibu автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш режаларини билдирганди. Хусусан, GM Uzbekistan сентябрда 4143 тагача механика узатмали Nexia автомобилларини ишлаб чиқаради, йил охиригача эса ишлаб чиқариш ҳажмлари ойига 34804 гача ўсиши кутилмоқда. Шунингдек, Chevrolet Malibu автомобилларини ойига 240 тадан 2200 тагача етказиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, GM Uzbekistan 24 август куни 1 августдан бошлаб сотилиши тўхтатилган автомобилларни қайта сотувга чиқарилишини эълон қилганди. Шундан кейин қатор автомобилларга нархлар ўртача 7,7 фоизга ўсди. Нархларни кўтариш бўйича қарор “вазирлик ва идоралар, шу жумладан, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда” ҳамда аҳоли фикрини инобатга олиб кўтарилган. Spark, Nexia и Chevrolet Cobalt каби моделларнинг нархи аввалги даражада қолган.

Эслатиб ўтамиз, GM Uzbekistan автосалонлардаги қонунбузарликлар бўйича ўз мурожаатини эълон қилди. “Энг аввало, «Ўзавтосаноат» АЖ автомобиль саноатида компания номи ва янги йўналишини, шунингдек виждонан фаолият юритаётган фидоий ходимларининг шаънига доғ тушираётган айрим ходимларнинг ноқонуний ҳаракатларини қоралайди. Ана шундай «уддабурон» кишиларнинг коррупция тизимларини фош қилиш ва тугатишни бошиданоқ уддасидан чиқяпмиз. Ушбу йўналишда компания Ўзбекистон Бош прокуратураси билан ҳамкорлик қилишини, шунингдек, қонунбузарлик ҳолатларидан бизни вақтида огоҳ қилувчи фаол ва виждонли фуқароларга минатдорчилик билдиради”, - дейилади хабарномада. Компания шунингдек, дилерлик марказларининг қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаган ва уни текширилган фактлар билан тасдиқлаган фуқаролар махсус бонуслар билан тақдирланиши ҳақида маълум қилмоқда. Бонуслар нималардан иборатлиги ҳақида маълумот берилмаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги