20:57 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Интернетдаги сайтлардан фойдаланишни чеклаш тартиби белгиланди

07.09.2018 10:16 msk

Фарғона

Vistanews.ru сайтидан олинган фотосурат
Ўзбекистон ҳукумати сайтларга тўсиқ қўйиш тартибини белгиловчи ҳужжатни тасдиқлади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram-канали хабар бермоқда.

Ҳужжатга кўра, махсус мониторинг маркази тақиқланган ахборот жойлаштирилган сайтларни аниқлайди. Бу каби сайтлар ҳақида маълумотни марказга оддий фойдаланувчилар етказади. Аниқланган сайтлар тегишли реестрларга киритилади. Ўзбекистон ҳудудида уларга кириш йўли тўсиб қўйилади. Блокировканинг техник аспектлари билан Ахборот ва оммавий коммуникациялар вазирлиги шуғулланади.

Конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш; уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш; давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш; миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш; гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш; порнографияни тарғиб қилиш билан шуғулланувчи сайтларга тўсиқ қўйилиши мумкин. Келгусида тақиқланган маълумотлар рўйхатини тўлдириш ваъда қилинмоқда.

Аслида эса Ўзбекистонда мана ўн беш йил бўлибдики, норасмий равишда юздан зиёд веб-сайтлар, биринчи навбатда мамлакатда содир бўлаётган янгиликлар ҳақида альтернатив ахборот тарқатаётган ахборот агентликлари, шунингдек, мухолифатдаги ва ҳуқуқ ҳимоя йўналишдаги сайтларга тўсиқ қўйиб келинмоқда. Мисол учун, “Фарғона” ахборот агентлиги сайтига 2005 йилда содир бўлган қонли Андижон фожиасидан бери тўсиқ қўйиб келинади. Бироқ расмийлар сайтга тўсиқ қўйилганини инкор этиб келадилар ва сайтнинг техник кўмак хизматига мурожаат қилишни тавсия қиладилар. Ўзбекистон Олий Мажлиси Ахборот ва коммуникациявий технологиялар масаласи бўйича қўмита раиси Илҳом Абдуллаев Ўзбекистонда бирорта ахборот сайтига тўсиқ қўйилмайди, деб таъкидлаганди.

Сўнгги бир неча ҳафта давомида Ўзбекистон расмийларининг эътибори интернет соҳасини тартибга солишга қаратилгани кўриниб турибди. Август ойининг охиридан бери мамлакатда диний-маърифий мавзуларда мақола ва шарҳларни ёзаётган блогерлардан ўндан зиёди ҳибсга олинди. Ҳозирча фақат Тўлқин Астанов озодликка чиқарилди. Расмийларнинг Астанов қариндошларига тушунтиришларича, у милицияга бўйсунмагани ва майда безорилиги учун ўн кун панжара ортида ўтказган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги