06:03 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Гулнора Каримовага пора бериш иши бўйича адвокатлардан бири Ўзбекистон Бош вазирини сўроққа чақирмоқчи

06.09.2018 12:00 msk

Фарғона

Абдулла Арипов. Kun.uz сайти фотоси
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповни Гулнора Каримовага пора бериш иши бўйича ишда гувоҳ сифатида судга чақиришлари мумкин, TeliaSonera ширкатининг Евроосиë фаолияти бўйича собиқ бош маслаҳатчи Ули Туиманинг адковати Ҳанс Станберг маҳкама давомида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповни сўроқ қилиш ниятида эканини ҳақида «Озодлик» хабар бермоқда. Ули Туима Ўзбекистон биринчи президенти қизига маҳаллий бозорга кириш ҳуқуқини қўлга киритиш учун 350 млн доллар пора беришда айбланмоқда.

Ҳанс Станбергга кўра, агар Абдулла Арипов сўроқ қилинса, TeliaSonera ширкати раҳбарларининг Ўзбекистон раҳбарияти ва Гулнора Каримовага пора бермаганини исботлаш имкони пайдо бўлади. Ҳанс Станбергга кўра, Абдулла Арипов бу ишда муҳим шахслардан биридир. У частота ва лицензиялар олиш учун пора берилмаганини тушунтириб бериши мумкин эди. Аммо, адковат Ҳанс Станбергнинг эътироф этишича, бугунга қадар Ўзбекистон Бош вазири бўлган Абдулла Арипов билан боғланишнинг имкони бўлмаган.

Гулнора Каримовага пора бериш иши бўйича Швеция пойтахти Стокгольм шаҳар судида 4 сентябрь куни бошланган. Судланувчилар курсисида номи юқорида зикр этилган Ули Туимадан ташқари акцияларининг учдан бир қисми швед ҳукуматига қарашли Telia (эски номи TeliaSonera - таҳр.) ширкатининг собиқ бош ижрочи директори Ларс Нюберг¸ ширкатнинг собиқ молиявий директори ва вице-президенти Теро Кивисаари ўтирибдилар. Улар 2012 йилда президент Ислом Каримовнинг қизига яқин бўлган одамларга маҳаллий бозорга (UCell савдо маркаси остида) кириб бориш, ўзбек расмийларининг ҳомийлигига эга бўлиш учун 350 млн доллар пора беришда айбланмоқдалар.

Ушбу ишни кўриб чиқиш йилнинг охиригача давом этади. 11-14 декабрь кунлари Стокгольм судида прокурорлар ва адвокатларнинг сўнгги нутқи эшитилади. Швед Telia ширкатининг собиқ раҳбарлари юзасидан чиқарилган ҳукм 2019 йил январь-февраль ойларида эълон қилинади. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Швеция ширкати коррупция бўйича узоқ муддатли терговни тўхтатиш учун 1 миллиард доллар жарима тўлашга розилик берганидан кейин, собиқ Telia компаниясининг уч нафар раҳбарларига айбловлар қўйилган.

Гулнора Каримовага алоқадор компанияларга пора бериш иши бўйича текширувлар Швейцария прокуратураси томонидан 2012 йили бошланган. Кейинроқ тергов жараёнига Швеция, Франция, Голландия ва АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўшилдилар. Тергов версиясига кўра, Telia, Vimpelcom ва МТС каби йирик телекоммуникация компаниялари Каримовага кў миллионли пора бериб, эвазига маҳаллий бозорга кириш имкониятини қўлга киритишган. Поранинг умумий миқдори деярли бир млрд долларга яқинлашади. Олдинроқ Telia ва Vimpelcom айбига иқрор бўлиб, улкан жарима тўлашга рози бўлишганди.

2012 йилда Ўзбекистон Бош прокуратураси ўша пайтга келиб ишдан ҳайдалган республика Бош вазирининг ўринбосари Абдулла Ариповга қарши жиноят иши қўзғаганини эълон қилган ва унга қарши “Ўздунробита” компанияси эҳтиёжи учун қўшимча ретрансляторларни ўрнатишга ноқонуний рухсат беришда айблов қўйилганди. Бироқ тергов нима билан тамом бўлгани номаълум.

Арипов 2002 йилдан 2012 йилгача республика ҳукумати раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган. 2016 йилда у яна қайтадан Бош вазир ўринбосари лавозимига қайтарилган ва ўша йилнинг декабрь ойида Бош вазир лавозимида тасдиқланган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги